пятница, 24 июля 2015 г.

Сукутдаги эртакчи...



Бола кезларим дарё бўйлаб мол боқардим. Сурхондарёнинг гоҳи сокин, гоҳи тошқин сувлари қумчил соҳилларга сув сепиб оқарди. Бир замонлар кенг ўзанда яйраган дарё энди анчагина чекинган.
Эски соҳилларда ўйчан, мўйсафид, халқ «Чори гумбаз» дея атайдиган тарихий обида кўнглидаги энг улкан сирни айтолмай увадаланиб бормоқда гўё. Унинг ёшини ота-онам ҳам, юзга етган момом ҳам билмасди. Чори гумбаз ораси унча узоқ бўлмаган 4 та бинодан иборат иморатлар мажмуи. Демак, тўртта муҳташам гумбазлар ҳам бўлган. Асл ҳолидан асар ҳам қолмаган бу обиданинг бетакрор меъморий ечимга эга бўлганлиги унинг жойлашиши ва ҳозирги маҳобатидан сезилади. 
Таассуфки, У ҳақда ҳеч бир энциклопедия-ю тарихий обидаларга оид манбадан  маълумот топа олмадим. Билганим ва менга маълум бўлгани унинг номи холос. Чори гумбаз. Ҳар йўлим тушганда зимдан кузатиб ўтаман. Ҳали ҳануз болалар теграсида мол боқишади. Шу ерда истиқомат қилгучилар эса атрофини супуриб сидиришади, покиза тутишади, авайлашади. У эса кута-кута қадди чўккан инсон янглиғ кундан кунга заминга тиз чўкиб бормоқда. Бухоро ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятида Чори гумбаз номи билан боғлиқ обидалар мавжуд. Эҳтимол, бизнинг осори атиқамиз ҳам ушбу обидалар билан тенгдош, балки улардан кексароқ. Мен эса болалигим ўтган, ўша тарихга қизиқиш уйғотган Чори гумбазнинг асроридан воқиф бўлишни истайман. Эҳтимол у дарё бўйидаги шаҳар дарвозасидир, бандаргоҳдир эҳтимол. Бу ўйларга ким ва қачон ойдинлик киритади билмадим. Аммо, унинг асрлардан катта ёшга эгалиги аниқ. Ер билан қоришиб кетмасидан тарихчиларимиз уни ўрганишни бошлашса, нур балқирмиди унинг қўйнида. Янги ҳақиқатлар ёруғ ажун юзини кўрармиди?! Термиз яна бир тарих иштиёқмандларини ўзига жалб этган тарихий обидага бойирмиди?! Қурилганига 20 йил бўлган биносини шунчалик гўзал таъриф этаётган дунёнинг айрим шаҳарлари Термизнинг қадим ҳикояларини тинглашга муяссар бўлармиди?! Қувонч ва жўшқинлик шаҳри, мардлар шаҳри Термиз ҳали ўз мозий сирлари билан ўртоклашмагани Чори гумбаз мисолида равшан бўлади. Тарихимиздан миллий ғурур туйиб, осори атиқаларимизни кўз қорачиғимиздай асраб авайлаб келажак авлодга етказмоғимиз жоиз.
Афғон шамоллари кўзларига қум сочган, ёмғирлари юзларин ювган, қор остида мунғайиб қолган, офтоб нурларида тани ёришиб кўнгли ёришмаётган Чори гумбаз ҳали-ҳануз сукутда, ўз тингловчисин кутаётган эртакчи мисол сукутда…

Комментариев нет:

Отправить комментарий