пятница, 17 июля 2015 г.

КЎЗЛАР ТАРЖИМОНИ


«Ҳали анча бор, ҳали уч кўчадан ўтгунча яшаш мумкин, манави кўчадан ўтаман, ҳали у кўча турибди, ундан кейин анави кўча келади, ўнг томонда нонвой бор...Эҳ-ҳе, ҳали нонвойхонага етиб боргунча қанча яшаймиз!» дея қатлгоҳ томон кетаётган инсонни кўрмаганман. Агар кўрганимда ҳам унинг онг-у шуурида, қалб-у вужудида туғён урган титроқлар, оғриқлар, ҳиссиётларни сезмаган бўлардим, рости. Унинг тилига кўчмаган кечинмаларини унингчалик ҳис этмаган бўлардим барибир, аниқ...

 Мишкин – нақадар оддий, нақадар ғайритабиий, нақадар боласифат...Йўқ-йўқ...У самимияти боис ҳам шундай... У ажойиб суҳбатдош, қатлгоҳ хусусда ҳам у сўзлаб берганди. Эшик оғзидаги малайга ҳам, қизиқиб тинглашга чоғланган Аглая ва унинг оиласига ҳам у суҳбат чоғида айтиб берганди ва яна:
«...Ўзи унчалар чиройли эмасди; фақат сокин, маъсум, меҳрли боқарди. Ҳаддан ташқари индамас эди...» деб ҳам. Бу меҳрли боқадиган қиз – Мари! У онасини «шарманда қилиб ўлдирган», унга нисбатан бўлаётган барча муносабат-муомалаларга рози бўлган ва ўзини энг тубан бир махлуқ қаторида кўрувчи, кўзларида ҳам, юрагида ҳам меҳр қалқиб турган қиз... Шу орада содир бўлганларни энди «Телба»нинг етмиш учинчи ва етмиш саккизинчи саҳифалари оралиғида ўқирсиз. Бироқ, менинг ҳолсиз, мажолсиз ҳолим, бўғзимга тиқилган ўткир алам, бурним устида жимирлаб туриб, кўзларимни тўсиндан тўсиб қўйган оғриқли йиғиларим мени анча пайт холи қолдирмади. Шу саҳифалар анча вақт ўзимга келолмай юришимга, тушларимда болаларнинг мен билмайдиган тилда:
«Je vous aime, Marie!» дея севгиларини изҳор этиб чирқиллашларини эшитиб уйғониб кетишлар, ўнгимда менга хаёл паришонликнинг ҳамроҳ бўлиб қолишига-ю, «Нега бундай, нимага?!» деб уй бурчагида ... енгил тортишимга ... яна ўзгариб қолиши мумкиндай, қайта-қайта ўша воқеани ўқишимга сабаб бўлди. Сизга таъсирчан тушунтириб беролмайман буни ҳеч...




Бу «оғир синов» лардан ўтгач, Сизнинг кўнглингизни яйрата бошлайди енгил ёқимли кулгулар, бироқ яна ўша лаҳзада қандайдир пўртанасифат, овози ўзидан олдин келаётган қўрқувлар кўнглингизга соя сола бошлайди. Вазиятларнинг кескин, сиз кутган-кутмаган нуқталарда ўзгарувчан хатти-ҳаракатларда ифода топиши ижодкорнинг юксак маҳоратидан далолат. Ўртанасиз, ўртанасиз, охирида, энг оғири охирида карахт қоласиз...
«Телба» тўрт қисмлик романни ўқиркансиз, кўзингизни юма кўрманг, кўз олдингизга қаҳрамонларнинг (йўқ, қаҳрамон бўлиши шартмас, оддий персонажларнинг ҳам) кўзлари пайдо бўлиб, сизни таъқиб эта бошлайди. Ўқий туриб, «Телба»ни кўзлар, нигоҳлар таржимаси-ю, Достоевскийни эса нигоҳлар таржимони деган хулоса топдим. Чунки у қарашлар билан тўла баён эта олган феъл-атвор-у ички кечинмалари ўқувчига етарлича тасаввур бера олади...
«Аглая унга ғалати тикилиб турарди: унинг кўзларида заррача қаҳр ва заррача ғазаб йўқ эди; у князга ҳуркак ва майин нигоҳ билан қарар, бошқаларга князнинг юраги ширин увушиб кетди...» Сизнинг-чи?! Сизнинг кўнглингиз-чи?!
Китоб давомида бир қаҳрамонни севасиз, нафратланасиз, оқлайсиз, айблайсиз. Елкангизда қолган ҳукм мажбурияти ўрнида ўша қаҳрамон тақдирини ўзгартиш имкони бўлганда неларнидир ўзгартириб, қайсидир жойда дилингизда борини тилингизга кўчириб, бор овозда аламингизни «изҳор этардингиз», кўксига бош қўйиб-да ё елкангиз тутиб бу тақдирдан, бир кам дунёдан нолиб қўярдингиз...Ҳаққаст рост...

Мен китобни ўқиб тугатдим-у, Достоевскийга яна тасанно дедим. Хулосаларим ўзимники, Сизнинг хулосангиз-да ўқиш давомида шаклланган, шаклланаяпти ва шаклланажак...! Ишонаман шундай инсонлар шу замонимизда ҳам бор ва минг таассуфки, уларнинг тақдири телба замоннинг инсонлар онгига таъсири сабаб қайғули, қўрқинчли, азобли, ...ли. Бу тақдирлар оғриғининг барча-барчасини фақат Достоевский мусаввирона тасвирлаган нигоҳлар акс эттиради, холос. «Телба»дайин...

Комментариев нет:

Отправить комментарий