пятница, 24 июля 2015 г.

БЕЛГИЛИ ЙЎЛЛАРДА... хулоса қилишга шошилманг





     Термиз шаҳри маркази. Катта трассаларнинг ёнбошидаги кичик йўлкаларда кийим-боши йиртиқ, афт-ангорига қараб бўлмас, ақли бутми ё ноқис, билмайдиганим – бир инсон кезиб юради.
У киши ҳақида ҳеч қандайин маълумотим йўқ. Ким-у? Қаерлик, ҳаттоки уй-жойи бор-йўғлигидан ҳам хабарим йўқ.
Мен у кишига қизиқиб қолганман, баъзан кетар йўлимдан тўхтаб уларни кузатаман, бироқ ҳаддим сиғмайди бу девонасифат одамнинг ҳаётига кириб боришга, қўрқаман у кишининг менга сирли туйилган олами асли ҳеч қандай сирли эмаслигини билиб қолишдан. Қишин-ёзин яғири чиққан бир, қора десам қорага ўхшамас кийимда йўл кезиб юрадиган амаки менга бу дунёга адашиб келиб қолган ўзга сайёраликни эслатади. У йўлда кетаркан, йўлкаларда «белги» қолдиради, бармоқларини лабига олиб бориб, неларнидир пичирлайди гўё.
                     
Бу ҳаёт, тирикчилик деб ҳам у кишига яқин йўламасман, эҳтимол, вақт ва имкон масаласи тақчилроқдай туюла бошлайди. Эҳ, умр, умр... Менга ҳам кимнингдир умри қизиқ туюлаётган он мен ҳам кимгадир қизиқ эканимни ҳис этиб қоламан. Сочи узун, озғин йигит, шошиб йўлингиздан чиқиб қолса-ю, хаёли ўзи билан овора бўлиб ўтиб кетса (мен шундай йигитман), Сиз ҳам беихтиёр қарардингиз. Ё асабий, ё ижирғаниб, ё нафратланиб, ё кулиб ва ёки бугунги кун ўзбек йигитлари номига муносиб бўлмаган шундай аҳволдаги йигитлар, дея ичингиз ачиб қўярдингиз. Мен Сизни тушунаман, ташқи кўринишим сизни асабийлаштирса-да, шу юртга муносиб фарзанд бўлмоқлик учун ҳаракатда эканимни ўзимни оқламоқ учун бўлмаса-да, айтмоқчиманки, сўзимни охирига қадар эшитишга қулоқ беринг...
                               
Менинг сочимни калтартириш, мутлақо кал қилиб ташлаш, анави амакини-да соч-соқолин олиб, янги кийим кийдириб, киборлардек ясантириш мумкин. Фақат нима ўзгаради. Мен ҳам, амаки ҳам ўзгармаймиз, сизнинг фикрингиз ўзгаради, холос. Ташқи кўринишга қараб баҳо берманг. Асло! Илтимос!
Биз шунча вақтдан буён фақатгина ташқи кўринишга, ҳолатнинг шунчаки юзасига қараб оғиз кариллатарканмиз-у, туб моҳиятни англаб етмас эканмиз. Эҳтимол, юз фоиз, барча шундай эмасдир, бироқ жуда кўпчилик шу ҳолатдан бебаҳра эмас. Ўзимдан қиёс: Бир куни жаҳон эстрадаси юлдузининг «Call me (Менга қўнғироқ қил)» қўшиғини эшитиб, клипини томоша қиларканман, унинг сўнгида кулиб юбордим (Аслида, йиғлаш керак эди). Клипни айтиб берайин-у, ўзингиз ўйлаб кўринг. «Қўшиқчи қиз бир келишган йигитни мафтун этиш учун турли мақомга йўрғалайди... Клип сўнгида қиз йигит учун қўшиқ куйлаб беради. Йигит телефон рақамини ёзиб, қизга жўр бўлиб куйлаётган йигитга элтиб беради... Тамом». Бир қарашда қизнинг ҳолати кулгули, лекин унинг моҳияти даҳшат. Мана, шунчаки англаш дейишади буни, юзаки қараш дейилар, эҳтимол, бунинг номи.

Ёки айтингчи, бугунги ўзбек эстрадаси клипларида акс этаётган ҳолатларга нима дейсиз?! Уларда нима акс этаяпти... Анави ярим яланғоч қизлар, биламанки, клип ғояси (аслида ҳеч қандай ғоя ҳам йўқ) сабаб ҳам улар шу алфозда рақс тушмоқда. Бунга нима дейсиз?! Нималарни кўряпсиз, нималарни кўряпмиз. Кўрган сари гуноҳга ботаяпмиз, холос. Оммавий маданият бизга кириб келдими ёки ўзимиз яратдикмикан?! Менимча, ҳеч ким мажбур қилмади, фақат барчасини ўзимиз хоҳишимизга мослаб яратиб олдик... Оммавий маданиятдан эмас, бу ақли йўқ, хумдай бошида фақат кўринишдан хулоса қилар онги бор одамлардан қўрқиш керак. Бугун мана шу атамани глобал муаммо сифатида бонг уриб айтаётганимизга ҳам ўшаларнинг шунчаки, бепарвогина мулоҳаза юритишлари сабаб бўлмоқда. Афсус.





Энди бошқа мисол: Сиз анави сизга боқиб турган кўзларда нимани кўраяпсиз?! Айтинг, қандайин дард унда яширин. Кеча отаси ичиб келиб, онасини урган боланинг кўзларида нима акс этар. Отасидан нафратми ва ёки якка илоҳдан тиланган бахтми?! Нима?! Биласизми?! Нима?! Сиз кўрганингизга ишонасиз, кўрмаганингиз, дил билан ҳис этишингиз лозим бўлганлар – эътиқод ҳам бегоналашиб бораётганининг сабаби ҳам шундандир балки...
                                 
Шундай онларда анави шовуллаган дараларга юрагимни улоқтиргим келади, менга ҳавосини қизғанмай улашаётган табиатдан олислаб кетгим келади. Қани, осон бўлса барчаси. Нотўғри ўйлар билан ўтган вақтимизни қайтара олсайдик, қани. Кўзлари табиатнинг қудрати билан маккор яралганларми ва ёки нигоҳлари-да ғамгинларга ҳам ишонгим келмай қолади. Энг катта ёлғончилар шу кўзлардай туюла бошлайди. Ўз-ўзимга сиғмай бораётганим он нафратим портлаб чиқар кўксимдан. Мен чилпарчин бўлиб кетаман кўринишга кўзлар берган баҳодан. Сиздан нафратланаман, кўрганига ишонганлар, ичимдагини кўрганингизда эди... Аниқ қўрқиб кетардингиз, бунча оғриққа Сиз, айнан сиз сабабчи бўлаётганингиздан.



Эй, кўчаларда белги қўйиб кетаётган амаки, мен учунми ўша белгилар. Менга тўғри йўлни кўрсатиб, адашмагин дея кетаяпсизми?! Мендай ҳадик билан яшаётган, ўзини енга олмаётган кишига далдамисиз ё?! Биз иккимиз ўз қўлимизда бўлган ўзгаришдан қочиб юрган нодонлармиз, эҳтимол. Эҳтимол, биз қўрқадиганимиз – одамларнинг гап-сўзи эмасдир. Эҳтимол, бизга қўрқинчли туюлгани – жавоблар, саволлар эмас.
                                   
Келинг, менга узоқ таниш амаки, биз ўзгармаймиз. Бизнинг йўлларимиз белгили. Ким нима деб ўйласа, ўйласин, ижирғанса, ижирғансин, нафратланса, нафратлансин... Барчаси ўткинчи, барчаси бир зумлик, карвон ўтгунча ҳурган итлар товушидек сўнувчан. Биз кетаверамиз, кетаверамиз кўринмас ва излаганимиз сари. Бизни Ўзи адаштирмасин, илойим!
                                     

Хуршид.

Комментариев нет:

Отправить комментарий