суббота, 18 июля 2015 г.

ГАЗЕТА "САРИҚ ЧАҚА"...МИ?!


Телевизор кўрасизми? Радио эшитасизми? Газета ўқийсизми? Интернет тармоғидан фойдаланасизми?

2014 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра республикамизда 1372 та оммавий ахборот воситалари фаолият юритмоқда.
Ҳозирги кунда 709 номдаги газета, 289 та журнал, 261 та веб-сайтлар, 95 та телевидение ва радиоканаллар          7 тилда сиёсий-ижтимоий, иқтисодий, маданий, маънавий-маърифий, спорт каби мавзуларда 20 ихтисослик бўйича халқимизга беминнат хизмат қилиб келмоқда. Демак, ОАВнинг каттагина қисми газеталарга тўғри келади. Газета, аслида, итальянча “gazzette” сўзидан олинган бўлиб, “майда чақа” маъносини беради. ХVI асрда бу пул бирлигига кун хабарлари ёзилган варақаларни сотиб олиш мумкин бўлган. Асосий мақсад кундалик воқеа-ҳодисалар қатори халқ саводхонлигини оширишдан иборат бўлган.


Бир сайёҳлик теледастурини томоша қилатуриб, Мадагаскар кўчаларида илиб қўйилган газета саҳифаларига кўзим тушди. Одамлар уларни катта қизиқиш билан ўқиётгани сезилиб турарди. Антананариву шаҳри аҳолисининг кўп қисми айнан шу “кўча газеталари” орқали сўнгги воқеликлардан хабардор бўлишини билдим. Яна бир маълумот: Мадагаскар халқининг саводхонлиги ўртача ҳисобда 88 фоиз эркаклар, 73 фоиз 15 ёшдан ошган аёлларга тўғри келади. Аҳолининг айнан шунчаси ўқиш ва ёзишни билади. Расмий тил эса бир эмас, иккита: малагаси ва француз тиллари. Бизда эса бу саводхонлик кўрсаткичи юқори, расмий давлат тили ягона. Бироқ, газетага бўлган қизиқишни ўша Мадагаскар  халқи сингари деб бўладими?! Менимча, ЙЎҚ! Ўзбекистонда газета кўп, саҳифалар турфа, йўналишлар турлича. ҳаммаси ҳам талаб даражасидами?!   


 Газеталарни “безаган” имловий хатолар бошқа масала. Унинг маъно-мазмуни кишини уммондай ўйга чўктиради.
Ижтимоий-сиёсий йўналишда чиқаётган туманлар ва турли тармоқ газеталаридаги камчиликларни алоҳида мақолага мавзу қилиб қўямиз ва эслатиб ўтамизки, у мақола жуда чуқур таҳлилни талаб этади. Ҳозир эса кўпчилик зиёлиларнинг ”жон”и-га тегиб улгурган, уй бекалари вақт топганда ўқийдиган сариқ матбуот аҳволи ҳақида сўз юритсак.
Тасаввур қилинг! Бугун андижонлик Яхшибой Алимов (барча исм-шарифлар мисол тариқасида) спортнинг югуриш тури бўйича Париждаги турнирда Қолиб бўлди. Яна ўша кун ўзбек эстрадаси “юлдуз”и Шаҳзодхон ҳам Парижда янги клип суратга олдирди. Энди ушбу кун воқеликларига баъзи бир 32-34 саҳифали (эҳтимол, кўпдир ҳам) газета тахминан шундай ёндашади. Спорт рукнида газетанинг қайсидир бурчагида (агар берилса, берилмаслиги ҳам мумкин): “Югуриш бўйича умидли ёш спортчи Яхшибой Алимов Париждаги турнирда олтин медаль билан тақдирланди. У 24 давлатдан ташриф буюрган тенг-дош спортчиларни ортда қолдириб, шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди”. Яна бир-икки гап ва тамом. Агарда қисқа сатрларда рукни остида бўлса, шу бир-икки гап ортиқча ҳам. Бироқ, энди Шаҳзодхоннинг клипи хусусида тўхталсак:     “Эстрадамизнинг ёрқин юлдузи Шаҳзодхон теле ва радиоканалларда айланаётган “Саттор ака!” таронаси билан мухлислар кўнглидан жой олганлиги хусусида газетамизнинг ўтган сонларида айтиб ўтган эдик. Қўшиқлари халқимизга манзур бўлаётган умидли хонанда “Меҳри хола!” номли қўшиқ ёзиб, унга Парижда клип суратга олдирди. Клип ўзгача услубда бўлиб, ғояси таниқли клипмейкер Uzjon.uzга тегишли. Қўшиқ матни ва мусиқаси Шаҳзодхоннинг ижоди маҳсули. Реп, рок, фолкьлор ҳамда миллий эстрадамиз уйғунлашган ушбу эксперимент ўзини оқлашига ишонамиз. Хонандани клипда 7 хил либосда кўришингиз мумкин. Либос ва турмак, имидж муаллифи эса хонанданинг опаси, умидли дизайнер Паризодбону. Парижнинг сўлим гўшаларида суратга олинган клипга 10 000 АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди. “Меҳри хола” таронаси келаси ойнинг бошларида эфир юзини кўради”. Табиийки, бу мақоланинг орасида яна қанча олқиш-у таҳсинлар аралаш сўзлар бўтқасига дуч келасиз. Энди шу ерда ҳақли савол: Ютуғи нақд Яхшибой Алимов ҳақида, ўзбек номини дунёга танитаётган ёш спортчи ҳақида саноқли гапдан иборат қисқа хабару, ҳамма қариндош-уруғини куйга солган Шаҳзодхоннинг ҳали нотайёр клипи ҳақида икки саҳифалик суратли мақола! Ё шу клип бадиий кенгашдан ўтади, ё йўқ. Тарозининг икки палласида дунё тан берган ўзбек боласи ва қарийб 31 миллион аҳолига эга Ўзбекистонда 100 киши ё эшитадиган, ё эшитмайдиган хонанда. Ана шу хонанда ҳақида шов-шув кўтариб, ҳатто унинг мушугигача ёзиб, маълумотлар билан саҳифани тўлдириб, керак бўлса одамни ҳам жонига тўйдириб юборишади. Оғир келган томонни қаранг. Нима сабаб...?


Газетанинг юзида эса яна бошқа хонанданинг сурати ва бош ҳарфларда сарлавҳа: “ПАРИВАШ: ЭРИМ БИЛАН АЖРАШАМАН!!!” Шоу бизнес “жинни”ларига айланган аёлларимиз ачиниб, газета сотиб олади. “Нима бўлдийкин, яқинда  учинчи марта турмушга чиққанди. Эҳ, бечорагина-ей. Ўзи камбағалга кун йўқ-да...” Икки минглик газетани уч мингга бўлса ҳам сотиб олишга тайёр аёл бирдан ўша мақолага кўз югуртирадию алданганини  англайди. Икки бетли мақолани ўқиб, Паривашнинг шунчаки: “...агар эримга хиёнат қилганимда, кечирмаса, эрим билан ажрашаман!” деган гапи улкан воқеликдай мақола сарлавҳасига кўчганини тушунади. Бундай мақолалар боис, ОАВ сифатида рўйхатдан ўтаётган газеталарнинг асосий қисми аёлларга, уй бекаларига мўлжалланиб қолмоқда, холос. Берилаётган маълумотлар ҳам олди-қочди. Маънавиятни комил этгувчи, долзарб, бугуннинг асосий юксак қарашлари акс этган газеталар эса муҳим ва асосий “реклама агентлиги” — аёлларимизнинг “Шуям газетми?! Бирам зерикарли-ей!!!” деган баҳосига сазовор бўлмоқда.
                                           
Танқид қилавериб тилимизга терсак тошганида ҳам имло қоидаларига амал қилмаган, ҳеч нарса бўлмагандай бепарво нашр ададларини кўтараётган газеталар бу мулоҳазамни ҳам назарига илмаслиги, табиий! Бироқ, асли маъноси “майда чақа” бўлган газета бугуннинг сариқ чақасига ҳам арзимайдиган матоҳига айланмасин!


Комментариев нет:

Отправить комментарий