суббота, 25 июля 2015 г.

СЕЛФИ ЎЛДИРАДИ


Дадамларнинг Германияда ҳарбий хизматни ўташ даврида тушган ва ортига ўтли дил изҳори битиб, онамга юборган суратлари бор. Оқ-қора сурат-у, лекин чиройли. Онамнинг ҳам Тошкент зилзиласидан бир йил ўтиб пойтахти азимда тушган расмлари бор. Шу суратларида онам ҳинд актрисаларига ўхшаб қолганлар. Ҳар кўрганда хотиралар уйғонади, шу боис ҳам қадрли... 


Менинг фотоальбомимда бор йўғи 5-10 тача сурат бордир эҳтимол. Лекин телефоним хотираси ва флешкаларимда минглаб селфиларим бор. Уларнинг бари 2-3 йил аввалги. Ҳозир негадир сурат тушишни хушламай қўйганман.
Селфини олимлар касаллик дея атадилар. Илк бора 2002 йил Австралияда қўлланилган ушбу сўз Оксфорднинг 2013 йилги энг кўп қўлланилаётган янги сўзлар қатори луғатига киритилган.
Селфидан кўп бора фойдаланувчиларни ўзига ишончсиз, кўнгли тўлмайдиган шахслар дея эътироф этишмоқда. У касаллик сифатида ўлимга сабаб бўлади десак муболағага йўясиз, ишонмайсиз. Шу сабаб бундай демаймиз. Лекин дунёнинг ҳар бурчида кунда бўлмаса, кунора селфи баҳонасида бахтсиз ҳодисага учраганлар, жароҳатланганлар, ҳаттоки бу ёруғ оламни тарк этганлар борлиги хусусда маълумотларни эшитасиз, ўқийсиз.
Ҳали давоси топилмаган касаллик ҳисобланиш Селфи бугун ёшларнинг асосий кўнгилочар машғулотига айланган. “Юлдузларимиз” эса ҳар қадамини суратга олиб илдамлик кўрсатаётган маҳал ёш авлод вакиллари уларга тенглашибгина қолмай, ошиб ўтмоқдалар.
Селфи, баъзан ўйлаб қоламанки, ўша лаҳзани ҳис этиш имконияти. Олимларнинг фикри нечоғлик тўғри билмадим-у, бироқ унда ҳам ози ширин асалдек меъёр бўлмоғи лозим. Ётоғида юмалаб, ошхонада кавшаниб, ҳожатхонада ...иб тушилган селфилар, менимча, на завқ, на шавқ, на обрў келтиради.


Эҳтимол, Сиз учун селфилар мароқли машғулотдир.  Бироқ, суратлар инсонга эстетик завқ бағишлаши лозим. Шундай экан, ёқимли-беёқим “савиянгиз”ни намоён этувчи селфиларингизни ижтимоий тармоқ саҳифаларида эълон қилишдан олдин ўйлаб кўринг. Айниқса, санъат олами вакиллари лифтдаги “ўрдакчалар”, таом устидаги нафсингиз намойиши ножоиз. Саёҳат этган жойингизднан лавҳа бўлса, тушинарли. Концерт, ижодий учрашувдан сурат келтирсангиз айни муддао.аммо минглаб, миллионлаб кўзлар сизга қадалган фурсат изоҳини ғарбликлар қойилмақом қилиб берадиган, антиўзбекона селфиларингизни саҳифангизга жойламанг. Қайсидир маънода сизни маданият тарғиботчилари дейишади.  Биламанки, аввало, одамсиз, бироқ унутмангки, санъат одамисиз. Сиз халқдан юқорироқ қурилган саҳнага нафақат ижодингиз, балки ҳаётингиз билан муносиб бўлишингиз лозим.
Аслида-ку, “жилпанг-жилпанг” қилишларингиз, эшакдай ҳанграб, қўшиғим хит бўлди деб хит қилиб юборганингиз етади. Эстраданинг-ку бошига етдингиз. Энди одоб-ахлоқнинг, миллийликнинг ҳам юзига тупуриб, куя суркаб қўймассиз (айримларга тегишли).
Кичкина опам ҳинд киоюлдузларининг суратларини йиғарди. Миллий либос (сари)даги киноактрисалар – Шри Деви, Жуҳи Чавла, Кажолларга ҳайрат билан қарарди. Асл фанат эди минглаб суратларини онам жазолаш мақсадида ёндириб юборгунга қадар (ҳайрати сабаб айтилган ишларни бажаришни унутиб қўярди-да). Бугун жиянларимдан бири телефонида севимли ўзбек қўшиқчисининг суратларини йиғади. Афсуски, бу хонанда турли бало-бадтарларни, ҳатто эркаклар кўйлагини (фақат кўйлакнинг ўзини) кийиб ҳам суратга тушган-у, лекин битта ҳам атлас кўйлак кийган ўрни йўқ. Бу бир қиёс, бир мисол холос. 
Суратлар орасида селфилар ҳам бор. Фанатлик ҳам селфи сингари касаллик. Севимли санъаткорига ўхшашга интилаётган ёш қизлар камми?! Шундай безаниб, шундай кийиниб юрадиган асл ва ашаддий фанатлар бор. Селфини ўлдиради деганимда айнан баъзи ҳолларда бунга муккасидан кетиш оқибатида ҳалок бўлганлар билан бир қаторда, инсон савияси, унинг одоб-ахлоқи, этика ва эстетика жиҳатдан ҳаётини-да издан чиқариб, фазилатларнинг айримларига “қотил” бўлаётганини назарда тутгандим.
 Селфи маданиятсизликка, оммавий маданиятга чорлаб, миллат ҳаётини барбод қилиши мумкинлигини айтмоқчи эдим. Маданият тарғиботчилари, санъаткорларнинг бундайин “тарғиботга” ҳаққи йўқ, менимча, шундай экан қадамингизни ўйлаб босинг. Остида ҳали ғўр юраклар, инсонлар бордир. Умрига зомин бўлманг... биргина бизга хос бўлмаган селфингиз билан.

                                 

Комментариев нет:

Отправить комментарий