пятница, 17 июля 2015 г.

ДАРАХТЛАР...

Дарахтлар сўзлашни биладилар. Улар илдизларида жо бўлган афсоналарга, ҳаёт-ривоятларга қониб, олис қишларда куртакларига эртак сўзлайди.
Дарахтлар ҳаётни қадрлайдилар. Улар бойчечаклар келтирган қувончли хушхабарлардан шодланиб, шохларига қўнган қалдирғочларнинг митти оёқларидан бутун вужуди бирла баҳорий даракларни ҳис этади. Уйғоқ қувончлари пўстлоғига сиғмай, дунёга бор шодлигин изҳор этмоқ учун куртакка айланади.

Дарахтлар шодонликларга шерик бўладилар. Уларнинг гулбарглари сизнинг табассумингизга пешвоз чиқиш учун пойингизга шошилади. Оқ, пушти гул япроқлари сабо бирла қувонч тўлқинларида қувлашмачоқ ўйнайди. Қиқирдоқ кулгулари юрагингиз уйғотади, ҳиссиётларингиз жунбушга келтирмоқ учун илҳомларни кўнглингизга сафарбар этади.

Дарахтлар чидам-бардошли бўладилар. Ёзнинг саратонида қуёшга тик боқиб, мангу қўшиқларин, аждодларидан мерос қўшиқларин куйлайдилар, дилдан уфурган ифор янглиғ кўкка бўйлаган титроқ улардан узоқлашиб, салқин сояларга ҳаяжонин изҳор этади. Ям-яшил япроқлари офтоб нурларига пишган-пишмаган меваларни кўз-кўз этиб, шодланади. Чидамли шохлари ерга томон эгилган дарахт меваларин тутиб таъзим этаётган меҳмондўст инсонга ўхшайди.
Дарахтлар азобларга дош бера оладилар. Таёқлар-у тошларга тўқнаш бўлиб, шохлари қайрилиб, синиб мева улашаётган дарахт ўз вужудида туйган оғриқларга дош бера олади, бардош бера олади.

Хазонрезги кузнинг бор шартига кўниб, заминга инаётган япроқларнинг видоси ёмғирларнинг шивирига, шамолларнинг шиддатига кўчади. Хазон бўлишин умр якуни эмас, янги ҳаётга асос деб баргларидан айро қолаётган дарахт тик ҳолда кутиб олади бор озор, айрилиқларни. У барига чидайди, бардош беради.
Дарахтлар йил бўй тўкиладилар. Улар биргина куздамас, баҳор-у ёзда ҳам тўкилади. У бу тўкилишларни умр эврилишларига кўникиш дейди. Йил давомида ўзини якка ҳақиқатга кўндириб, тайёрлаб боради. Гулларини, меваларини, сўнгра япроқларини тўка бошлайди. Шу кўй яшайверади.

Дарахтлар ҳам ниҳоллар деб яшайдилар. Уруғидан унган ниҳолига нур етсин дея куйиниб яшайди дарахтлар. Нозик япроқли ниҳолларга меҳр билан тикилиб, унинг келгуси виқорли келажагидан шодланиб, нафас олади дарахтлар, гар ниҳолга нур етмаса, бунга шохлари тўсқин бўлса, ўша шохларидан воз кечишга тайёр турган дарахтлар...
Дарахтлар ҳам ўладилар. Фақатгина вақти етиб...фақатгина тик жон берадилар, мағрур жон берадилар.


Комментариев нет:

Отправить комментарий