пятница, 17 июля 2015 г.

БИЗГА ТАНИШ «ОПА-СИНГИЛЛАР»


Билмадим қанча бўлди, билганим анча бўлди. Одамларни ўйлантирар саволларга тўла ”Опа-сингиллар” сериали қанча-қанча кўз ёшларга сабаб бўлди, сиқилишларга, асабийлашишга олиб келди. Буни ҳеч бир қисмини ўтказиб юбормасликка ошиққан асл сериал томошабини билади ва яна кинодагини ҳаёт дея ишонадиган ўзбеклар ҳам.

Жуда олис чўзилган сериал бизга олдинроқ таниш бўлган ўзбек фильм ва сериалларидан анчагина андоза олгани рост. Фақат роль ижрочиларининг маҳорати боис бунга кўз юмса бўлади.
”Мафтуна (Севги фариштаси)” сериали қаҳрамони Мафтунанинг тақдири билан қанчалик танишсиз?! Унга ҳам худди Насиба сингари бола тутқазиб кетишади. Эсладингизми?! Бундай образлар ”Ёдгор” ва ”Дада” фильмларида ҳам мавжуд эпизодлар. Мафтуна кўнгил қўйган рассом йигит-чи, унинг маҳалладош ошиғи-чи ва яна рассом йигит уйланмоқчи бўлган қиз ҳам сизга нотанишми?! Буларнинг бари Насиба ва Икром атрофидаги воқеаларга эш. Ва ёки акси... Мафтунага ҳам совчиликка борган рассом йигитнинг опаси топиб келган ”шумхабар” Икромнинг опаси топиб келган совуқ гапчалик бўлгани қизиқишни сусайтирган бўлса, воқеалар ривожи бошқача тус олар деган ўй томошабинни тарк этмади. Ҳаттоки телефондаги Насиба ва Икромнинг опаси ўртасидаги кескин суҳбат ҳам айни Мафтунани дардга маҳкум этган суҳбат билан бир хил. Насибахон мотивлари ўхшаш сериал қаҳрамони Мафтунадан кўра қатъиятлироқ туйила бошлади, яхшиям ўзгариш киритилган, йўқса, ”Опа-сингиллар”ни томоша қилатуриб, ”Мафтуна”ни ҳам бошқача қиёфаларда кузатиб борардик, холос.





Нафисанинг тақдири эса экрандан экранга кўчган фақат қиз туғувчи ёки ораси қисқа туғиш фурсатларидан азият чекувчи ижтимоий ролик, сериал, фильм, ҳаттоки мусиқий клиплар қаҳрамонларига келишиб кетади. Бироқ бу ҳолат кунда кунора қулоғимизга чалинади, гувоҳи бўламиз ва яна телеэкран орқали томоша ҳам қиламиз.
Шаҳнозанинг қисмати сал олдинроқ намойиш этилган сериал (Кисмат битиги) қаҳрамонининг қизидайин билмай гиёҳвандга кўнгил қўяди ва ажраб қолади. Ҳаттоки заргарлик буюмлари иштирокидаги эпизод ҳам сериал кўчими бўлган.
Маъзур тутасиз-у лекин ўзингиз ҳам тан оларсиз. Ғийбатчи аёл эпизоди, келинидан нолийдиган, тирноқ остидан кир излайдиган қайнона, бой оиладан чиққан гиёҳванд йигит, ажрашиб фарзанд кўрадиган (ўғил кўрадиган) аёллар образлари аллақачон ёд бўлиб кетган. Кўчма мотивлардан безиб ҳам улгурганмиз. Лекин ”Опа-сингиллар”дан эмас, чунки унда биз соғинган чеҳралар, қадрли актёр-актрисалар ижроси бор. Актёрлик маҳорати, режиссёр иқтидори ва малакаси билан экран юзини  кўрган сериал қанча ишончсизликка тўқнаш келса-да, ишонтира олди, охирини билиб турган томошабинни-да кўришга ундади, экран қаршисига михлади.
Мен бу опа-сингиллар ҳаётини турли мамлакат фильмлари қаҳрамонларига ҳам ўхшаш туйдим. Насиба ва Икромжоннинг ҳаёти, уларнинг ишқий муносабати, олийжаноблик ва ғурури, улар билан боғлиқ диалог ва кадрларда мен айнан корейс сериаллари таъсирини сезган бўлсам, Шаҳнозахоннинг ҳаёти ҳинд фильмлари, сериалларига қиёс, корейс ва лотин Америкаси сериалларининг ҳам таъсири сезилади. Энди энг бахтсиз аёл, энг кўп қийналган опа – Нафисахон эса чинакам ўзбек аёли, чунки бизнинг фильмларда бахтли аёллар камчиликни ташкил этади. Улар эридан қийналади, эри яхши бўлса, қайнона-қайнотаси золим бўлади, оиласи яхши бўлса, бефарзанд бўлади, фарзанди бўлса, ҳаммаси қиз бўлади ва ҳоказо. 
Агар ижобий қаҳрамон бўлса, фақат қийналади, салбий қаҳрамон бўлса, энг ёвуз Қор маликаси ҳам ип эшолмай қоладиган макр-ҳийлалар қилади ёки асл иллатларни ўзида жамлаган ”қусурлар қутиси”га айланади. Ғийбат қилади, ёмонлик қилади, жанжалкаш бўлиб, оилаларни бузади ва ҳоказо. Ахир бизнинг сериаллар доимо шундай бўлган-ку! Охирида эса ҳаммаси яхшилик билан тугайди...

Эртаклар – яхшиликка етаклар, дейди халқимиз, бироқ бугун ўзгарганга ўхшаётган бу нақл ўрнини ҳеч истиҳоласиз сериаллар эгаллади десак муболаға бўлмайди. Сериаллар ҳаётнинг қандай бўлиши кераклигини ойна мисол бизга кўрсатишга ҳаракат қилаётган муаллифларнинг дил изҳоридир. Турк сериалларидаги аёллар қатъияти, корейс сериалларидаги сингари ҳурмат-эҳтиром (уларда бўрттириш ҳам сезилмайди. Бизда эса бу ҳолат жуда ўзгача кўриниш беради ва лекин, афсуски, ишонтира олмайди), Лотин Америкаси сериалларидаги воқеалар ечими ва улардаги муаммовий ҳолатлар бизнинг сериалларда ҳам намоён бўла бошлади.  Режиссёрларимиз уддалади, ўзбекона қадриятлар тараннумини соғинган халқимиз ҳеч бир ўзбек сериалини беэътибор қолдирмади, айниқса ”Туташ тақдирлар”дан сўнг ”Опа-сингиллар” томошабинларни телеэкранлар қаршисида муқим этди. Нима ҳам дердик, кўчирса ўзимиздан кўчирибди, четданмас (бунисига-ку кафолат бера олмайман), бироқ сериалларимиз кўпаяверсин. Ҳали хаёли изланишлар, ўз йўлини топишлар-у тинимсиз ҳаракатда бўлган ижодкорларимиздан яна янги ва эксклюзив топилмалар – сериалларни кутиб қоламиз. Сериаллар қисмлари сингари, фасллари каби давомий бўлсин... 

Комментариев нет:

Отправить комментарий