вторник, 21 июля 2015 г.

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚ - ВАҚТГА ҚАРМОҚ



Вақтинг кетди-нақдинг кетди. Бугун бу мақол хотираларимиздан ўчмоқда, халқимизнинг кекса вакиллари бу нақлни бот-бот такрорлайдию бироқ кўпчилик ёшлар бу фикрни на тушунади, на қабул қилади.
Буни уларнинг фикрлари баён этилаётган ҳеч бир ижтимоий тармоқдан тополмайсиз. Уларнинг «Odnoklassniki» ижтимоий тармоғидаги қайдларида «Мен шу йилнинг шу кунига қадар мана шунча миқдорда КЛАСС йиғишим керак. Шу боис менга ёрдам беришингизни сўрайман (Мендан қайтмаса, болаларимнинг профилидан қайтсинсингари илтимосномалар, қўшиқлардан парчаларни ва шунга ўхшаш бугуннинг «эътиборли» сўзларини кўриш мумкин. Ва ёки «Facebook» тармоғида ёшларимиз асосий фикрини «Юлдуз»ларнинг «пурмаъно статус»ларига қаратмоқда, сафарбар этмоқда. «Twitter» да @фойдаланувчиларга тўла эркинлик: хоҳланча ёз, хоҳлаганингни ретвит қил. Чуғурчуқларнинг чуғур-чуғурларидан мия ғовлагани каби тармоқдаги ади-бадилардан кўнглингиз беҳузур бўлади. Ҳамманинг эътиборидан шод «юлдуз»лар кундалик қилмишларидан ҳисоботларини киритиб бораётган тармоқни @ўқувчилар «Чарчадим», деб ёзган «мафтункор» юлдузимизга «сиз нақадар гўзалсиз», деб жавоб қилади
Бу нима тоғдан келишми ва ёки руҳиятни кўтаришми?! «Мен кеча… ни концертига кириб, мазза қилдим. Концерт жуда зўр!!!» твитига берилган жавоб эса ялтоқланишга ўхшайди: «Сизга етолмайди, барибир!!!» Кузатиб турибману кулгим келади, ҳали иккитагина қўшиқ куйлаган хонанда саҳнага бирор бор қадам қўйдимикан, бирор қўшиғини куйлаб. Мана шундай айрим ижтимоий тармоқлардаги кўпчилик ёшларимизнинг кундалик юмуши. Статистик маълумотларга кўра, 2013 йил иккинчи чорагига қадар «Odnoklassniki.ru» дан 200 миллион, «Facebook» тармоғидан 600 млн фойдаланувчи баҳраманд бўлган. 


«Twitter» блог сервисларидан эса ойига 240 миллион киши фойдаланади. Ҳа, Ўзбекистонда 2012 йил интернетдан фойдаланувчилар сони 8 миллионга етди дея хабар берилган эди. Асли «фойда» сўзидан келиб чиққан фойдаланувчи шу интернетдан чиндан ҳам фойда оляптими?! Бунақа саёзлашиб бораётган онг билан, эҳтимол, фойдага кўмилиб қолган санаётгандир ўзларини. Эҳтимол, ижтимоий тармоқларга маҳлиё бўлганча, кўз нури, қалб кўзи хира тортиб бораётганини, юзига ажин тушиб, сочларига оқ оралаётганлигини сезмаётгандир. Бир машҳур ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси билан суҳбатда: «Авваллари, кунига 100-200 та пост қолдирардим, ҳозир 20-30 та. Ҳамма гаплар ёзиб бўлинди, ўқувчилар янгиларини хоҳлашади...» Унинг фикрию ундан янги фикр кутаётганларнинг савияси шунчалик чекланган, Абдулла Ориповнинг «балиқчасидай кўлмак тасаввури»да юришибди. «Интернет-дунё, дунё бу интернет!» дейди баландпарвоз худдики кечагина «Санъат менинг ҳаётим», деб матбуот саҳифаларини тўлдириб, бугун изсиз ғойиб бўлган хонандалардек. Унинг бир қайди мени таажжубга соли, рости ёқди: «Китоб ўқиса, қўлига ур. Ўқимасин. Ақлли бўлмасин. Бозорчи бўлсин». Сизга ёқдими?! Ўзбек тили сўзга бой. Сўзга бойки, бир сўз ҳам ижобий, ҳам салбий маъно англатиши мумкин. Бунга ҳам тўғридан тўғри қараманг, бошдан дўппини олинг, бўлмаса шляпани, у ҳам бўлмаса кепкани олинг. Наҳот, у ҳам йўқми, унда бошни бироз қашингда теран ўйланг. Бугунги «савияси баланд», мол-дунё, пул учун ҳаракат қилишни тавсия бераётган оила катталарининг, «ўқиб, дунёни олиб берадими?!» деб қизларини ёшгина эрга бериб юбораётганларнинг сиймоси кўзларингиз олдида суратга тушишга шайдек пайдо бўлдими?! Шунга айтишадида одобни беодобдан ўргандим, деб. 


 Ҳар нарсадан яхши томон излаймизу бироқ ижтимоий тармоқнинг не-не эзгу ғоялари эсдан чиқиб, олди-қочди фикрларга ўралашган, енгил-елпи ёшлар нима фойда олишяпти экан деб, сўнгсиз ўйга толади киши. Ҳар ненинг ҳам чеки бор. Вақти-соати бор. Ижтимоий тармоқнинг ҳам… Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларга фойда келтирсин, кўзлаган мақсадлари, пок ниятларида қанот бўлсин, қўлларидаги нақд вақтга хўрак ташлаган қармоқ эмас...

Комментариев нет:

Отправить комментарий