среда, 22 июля 2015 г.

УММОНОЛОГИЯ (икки оғиз мақола)

КЎЧИРМАЧИМИ ЁКИ КЎЧМАНЧИ


Ёшларни “жинни” қилган, увиллатиб йиғлатиб, дард чектириб, ўйлатиб ташлаган, катталар юрагини, маънавиятлилар кўнглини ғашлаган гуруҳ – УММОН!
Умуман олганда бу гуруҳ бугун унчалик эмас-у, бироқ икки-уч йил олдин қайси ўсмир қўшиқ ҳиргойи қилса, ўша-ўша “кет, йўқол, ёнимда қол, сендан нафратдаман, қолдим ғафлатдаман, суратинг манда, хаёлим санда, сан бевафо, ман бедаво ва яна гўрди бало” сингари ҳитларни – қулоқларимиз пардасини йиртиб, илондай сирғалаётган овозларни эшитардик.


Қашийман деган одам учун жойнинг қичиган-қичимаганлиги муҳим эмас. Шу боисан бугун Уммонология фанлари доирасида “Уммон” қўшиқларида кўчиб юрган жумлаларга юзлансак:
“Билмайман, балки унутдинг мени,
Мен эса соғиниб кетдим сени.
Лек ҳеч қачон ортимга қайтмайман,
Кўзим дарё, лек ҳеч қачон йиғламайман”


Шеърнинг (аслида шеър десам сал ноўрин, матн) айнан эмас у ёқ бу ёғига тиғ теккизилган варианти бошқа тароналарда ҳам такрорланаверади. “Айрилиқ” таронасида бу жумлалардан ташқари суратлар ҳақидаги дардли нолалар ҳам мавжудки, бу кўчим “Яна яна” да йиртилиб кетади. “Кўзи қаро” да эса хонандалар қўлларида турган суратдан кеча олишмайди. “Йўқ”да эса “Қачонгача суратингга қараб севилай” дейди (?!)


Қора кўзли жаноналар кўчими ҳам кўчманчилардек тоғда ҳам, боғда ҳам, саҳрода ҳам, дарёда ҳам пайдо... Бундай кўчимлар сероб.
“А балки йўқ, балки қайтмайди,
Мени унутган, мени севмайди...”
ҳамда “Қандай унутдинг” ҳам эҳтимолларга доялик қилади.
Қофиялар ҳам кўчманчи: “бутун, тун, кун, буткул; ёр, бор, хор, зор; қайғу, оғу; йўқ, ўқ...” Ҳа энди бу ўринда матнларни шеърдай тасаввур қилиб қофияларига юзландик, холос. Қофиядан асар йўқ (вазн, туроқ-ку нари турсин) қўшиқлар ижрочиси УММОН гуруҳида кўчирмачилик ва ёки кўчманчилик устиворлиги мавзуларимиз давомида ҳам айтиб ўтилади...




МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ

“Айрилиқ” билан алоқадор барча ҳиссиётларнинг муаллифлик ҳуқуқи, менимча, УММОНга тегишли. Чунки уларнинг ҳар бир қўшиғи шу мавзуда куйланади. Улар бемалол муаллифлик ҳуқуқига даъвогарлик қилса, бўлади. Зеро 92 фоиз таронада шу дарддан азият чекилади. 

Айрилади, қиз унутади (бу учовлон эса ишонгиси келмай, балки дея ўзларини овутади), йигитга муносиб бўлмайди, севиб туриб, унутишга чоғланади, орани очадилар, уларни боғлаб турган толалар (ришталар менимча) узилади, кет, йўқол, деб ҳайдайди ва яна бир томлик достонлар, бисотидаги мавзуга алоқадор сўзлар коллекцияси:
“жондан севиб кечиб кетдим,
Кечмоқлигим истадинг...(Кўзи қаро)”;
“Нега узоқлардасан, нега менсиз бахтлисан,
Балки соғингандирсан... (Асалим (мантиқни, саволни қаранг)”;


“Нега иккимиз яна-яна, бирга бўлмаймиз яна-яна (Яна-яна)”;
“Иккимиз ҳам айрилдик, сендан кун, мендан ёр кетди... (Тундан кун кетди...)”;
“Йўқ, мени жондан севган азизим энди йўқ... (Йўқ)”;
“Сен ўйлама, сен эслама, сен ачинма, менга қайғурма. Сен кетавер, бахтингга етавер... (Сен кетавер)”;
“Учрашгим келмаяпти негадир, юрак ғаш-ғаш... (Қийнама)”;
                           
“Кетарман, лекин нимадир мени ортимга тортар... (Гапирма, жим)”;
“Кет, мени ҳолимга қўй, кет,
Менсизликка кўнгин, кет... (Кет)”

Ва давоми жуда узун...

Комментариев нет:

Отправить комментарий