суббота, 25 июля 2015 г.

АЁЛНИНГ ҚИРҚ ЖОНИ... 2

Жамиятимиздаги аёлларнинг қолган ўнлиги


10. Акалари бир йигит билан гаплашиб юрганини билиб қолгани учун кал килиб ташлаган (ғийбатчилар гурунгидан) 14 ёшли қиз. Шу ёшида севги садоларидан қулоғи қоматга келган навниҳол. Дарс эмас, келажак эмас турмуш қуриш ўйлари хаёлини банд этган қизалоқ. Шу ёшида безаниб, «кийинадиган» моделлар рақобатчиси. Фақат моделлардек узоқроққа борармикин бу кетишда. Худо билади, ёлғизгина Худо билади.
9. Ҳажни кўп марта зиёрат қилган, оппоқ рўмоллари ярашган Ҳожи она. Зиёратга кетган харажатни қоплай деб, жон пишитган аёл. Товар босиб келиб, қариндошигача совға ўрнида пуллаган, пул чаққан тадбиркор. Эндиги нияти қизларини ҳам «зиёратга» сафарбар қилиш…
8. Истеъдодли эканига қарамай, китоблари муҳаррирнинг қалами бирла дунё кўрган, китоби нашр этилгач, ”Наҳотки, шуларни мен ёздим”, деб ўзига ишонмаётган қизпошшаларга ҳавас билан танловларда чапак чалиб қолаётган қизлар. Қарз-ҳавола қилиб китоб чиқарса ҳам битта китоб нима ҳам бўларди (танловдаги китобфурушлар сабаб). Шу ўйларда шоирлиги кўз ёшда намиқиб, оғриқлардан занг тортаётган қиз. Унга ўрин ололмаётгани алам қилмайди, ҳалоли бўлсин! Унга озор бергани – сифат эмас сон, виждон эмас ҳамён…
7. Отасининг дўстига 16 ёшида келин бўлаётган, орзулари оқ кўйлакка банди қилиб узатилаётган ёш қиз. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тўхтатса, «ноилож вазият, иложимиз қанча» дея қизи иффатини булғаб, ваъз ўқиётган ҳавасманд қудалар. У қиз эплармикан… Унинг ўрни қандай бўлади…
6. Ота-онасининг мавқеи боис порлаб чиқаётган «Юлдуз»лар (Кенг осмонимизни шулар ёритмаса, ким ҳам ёритарди. Уларнинг ёрқинлигидан аллақачон чет эл мусиқаси, чет эл фильмлари ҳаётимда муқим бўлиб қолди). Яна уларнинг иштироки ҳам ота-онасининг улуғ «Ном»лари билан тилга олинади. ФАЙЗИ МАМАТОВнинг қизи ЖИНГИЛ МАМАТОВА бош ролда сингари. Қилғиликни қилган қиз бўлса, унинг ота-онасини исми бу ерда нега керак. Иш ва ўқишда ҳам шу улуғ сиймолари боис ўрин эгаллаган қизларчи!!! Булар жамиятимизда қандай ўринни банд этишган.
5. Чет элда 4-5 йилдан буён  ишлаб, болаларининг расмини кўриб, телефонда гаплашиб соғинчини енгиб келаётган муштипар она. Унинг ягона ўйи болаларини, юртини тезроқ кўрса, тезрок қайтса. Лекин, қайтгач нима қилади. Яна ишсиз юрадими. Ундан кўра болалари катта бўлиб қолгунча пул йиғса, шу яхши самара беради. Бу қийинчиликлар ҳам ўтади-кетади.
4. Яқиндагина эстрадамизга қадам қўйган ёш хонанда қиз. Ҳали макияж, имидж, Пиар, рекламани билмаган ҳаваскор. Санъатнинг қаттиқ нонини ҳазм қилиш учун ҳали бу ёш хонанда клипларда ётоғида қанча йўрғалаши керак, ярашган-ярашмаган либосларни кийиб, бесўнақай қилиқларни ўрганиши керак. Пурмаъно минбарсўзларни ёдлаши керак. Ахир, энди у «Заказ» қилинган матбуот, ОАВ ларда кўрина бошлайди.
3. ОТМ имтиҳонларидан ўтиб, тўлов-шартнома асосида ўқишга кирган камбағалнинг қизи. Тўлай деса, пули йўқ. Ҳамма йўл имконсиз. Тайёрланай деса, репетиторлик фаолиятининг энг арзон ойлик курси 50-60 минг сўм. Ким тўлайди. Ўқиб яна контрактга тушса-чи. Бу йил тўлай олмаган, келаси йил, тўлайдими. Контракт миқдори ҳам ошаётган бўлса. Панада, ота-онаси кўзидан йироқда аламидан ўкириб йиғлаб, уларнинг ёнида мағрурона табассум қилаётган, ҳечқиси йўқ дея тушунаётган ақлли қиз, бахтсиз қизнинг қисмати, жамиятдаги ўрни қандай бўлади.
2. Тупроқда оёқлари ёрилиб, қўллари қавариб меҳнат қилаётган меҳнаткаш аёл. Қуёшнинг тиғида униққан кўйлаги, тупроқ билан сўзлашишга қодир қаноати билан меҳнатнинг залворли юкларин елкалаётган аёл. Туғишни, меҳнатни, бола тарбияси, овқат қилиш, кир ювишни аёл қисмати билиб, ҳали ХХI асрни англаб етмаган англаса-да момолари уқтирган аёллик жиҳатларини тўла адо этишга киришган, оила, бола, эр олдида вазифаларин бажариб ўтиб бораётган аёл…
1. Кўчада пластмасса, шиша идишлар, қоғоз макулатура териб юрган аёл. Ҳалол меҳнат ортидан оила тебратаётган, боласига нон олиб бораётган аёл. Тўғри, Сиз ҳам мен ҳам кўрганмиз уларнинг кўпчилиги ичувчи аёллар. Аммо ишонасизми йўқми билмадиму мен бир аёлни 2-3 марта кузатдим. У ичувчи эмас, ишини сидқидилдан бажаради. 8-9 ёшли бир болакай (ўқли бўлса керак) келиб терган «топилма»ларни аравачаларида олиб кетишга кўмаклашади. Бу меҳнат, уяти йўқ. Аммо, ўша ахлатхоналарда унинг қанчадан қанча орзулари синган шиша идишлардек чилпарчин бўлаётгандир.

Мана менинг хаёлимни банд этган жамиятимиздаги аёлларнинг баъзилари. Уларнинг жамиятимизда ўрни қандай. Бу аёлларнинг бари тенг ҳуқуқли. Аммо уларнинг табақаси турлича. Бири бой, бири камбағал. Бири иродали, бири заифа, бири ҳалол, бири…Бири бахтиёр, бошқаси ғамга дучор. Бирининг ошиғи олчи, бирининг эса кетмони ўн йилдирки учмайди. Аммо ҳаёт давом этмоқда. Хотин-қизлар қўмитаси нима қиляпти, ҳайронман. Шу ва шу каби аёлларнинг барчасидан хабардорми, бир бора бўлсинким, суҳбат қурганмикин, дардига дарддош бўлиб, кўнглига қўл солганмикан. Фақатгина таълим, соғлиқни сақлаш сингари соҳаларда аёлларни учратиш мумкин деб ўйлайдими, билмадим. Ишсиз аёллар ҳам, мушкулоти беҳисоб жувонлар ҳам аёл. Улар ҳам шу юрт фуқароси. Уларнинг ҳам ўрни бордир.

Комментариев нет:

Отправить комментарий