вторник, 21 июля 2015 г.

КИТОБ МУТОЛААСИДАН КЕЙИНГИ ХИТОБЛАР

Қўлимга тушган китобнинг (билмадим-у одат бўлиб қолибдими) сўнгги саҳифасини биринчи бўлиб варақлайман. Охирги жумла мени ”титрата олса”, сўнгги нуқта айтар сўзини айта олсагина ўқишга тутинаман. Бу сафар одатимни тарк этдиму китоб мутолаасига чоғландим.

”Соғинч қўшиқлари”… Жуда чиройли ном, мўъжазгина китоб, таниш муаллиф (аслида, муаллиф сабаб ҳам одатимдан чекингандим).   Малак: ”Ушбу китобимни бобом Ҳамидулла Болтаев ҳамда устозим доцент Жаббор Эсоновларнинг порлоқ хотирасига бағишлайман”, дея китобини, соғинч қўшиқларини бобоси ва устозига бағишлабди. Бу ҳам китобнинг илк саҳифасиданоқ кўнгилни шод этади.
Сўзбоши битган Зулфия Қуролбой қизи таъкидлаганидек: ”Дунёда аёл қалбини англашдан оғирроқ юмуш бўлмаса керак…” Мен ҳам мутолаа мобайнида кўп нарсани тушунмадим. Биринчидан, бағишлов. Эҳтимол, бу бағишловни эркакона фикрат билан тушуна олмаётгандирман. Ахир, бу китоб эҳтирос, муҳаббат, соғинч, бўсалар, хаёлан биргалик, гуноҳ тараннуми-ку?! Ана шундай китобни бобоси ва устозига аташи?.. Унинг ўрнига китоб муаллифнинг бадиалар аталган ”яширин султони”га бағишланганда бошқа гап эди. Мен ўша бағишлов соҳиблари ҳақида китобнинг шу ўрнидан бошқа жойида дуч келмадим...
Бадиалар аталган инсон муаллифнинг ”суюмлиги”, ”қадрлиги”, ”меҳрлиги”, ”беги”ку ахир. Бундан ташқари кўнгил номаларини ўқиб, гандираклаб қоласиз. Улар ”сен”га аталганми ва ёки ”сиз”га:
”…Яна сенсизликКўзларим йўлларингда нигоронСиз-ла ўтган онларни барибир соғиняпман. Йўлларимда Сизни учратмоқ истаяпман…” Бундай чалкашликлар китоб давомида сероб. ”Ўйлайвераман…”, ”Кўникмоқ оғир”, ”Ойдин кечаларда” сингари бир қатор бадиаларда сен ва сиз орасида паришон бўласиз. Аммо, қизиқ… Эҳтимол, бу чалкашлик телбавор ҳиссиётлардан нишонадир.
Қойил қолмоқ зарурки, тундаликми кундаликдаги (айтишга хижолатли) ҳолатлар кўчимларига:
”…бўсаларнинг зилол нурларига зор…”, ”Ҳижронингиздан ўртанган дилга, соғинган вужудга малҳам дорини тезроқ қўйишингизни истайман” (Ҳайронман, ўртанишлар, соғинишлар вужуду танани тўқмоқлаб моматалоқ қиладими, малҳам дори жоиз бўлса), ”Қани эди соғинган вужудим билан суюклигимни бўсаларга кўмиб ташласам?!”…(?)
Бу ўринларда иффату ибонинг юзларига парда тортиб, бошқа жумлаларга ўтсангиз:
”Сен ўзганинг ёри, мен ўзганинг… Сен-ла суҳбатлашгим, сен-ла бирга бўлгим келади”.
Бу нима шармандалик, эрли аёлнинг номаҳрам билансуҳбати-ю, бирга бўлишхоҳишиВа янаЖисман бўлмасада, ботинан бирга бўладиган, суянчиғим сиз борсизку!!!” эмиш. Ростдан аёл зотини тушуниб бўлмайди чоғи.


Бадиаларнинг бирида: ”ёшлар кўзимдан соғинч булутлари бўлиб тўкилаяпти”, дейилади. Ёмғир бўлса, бошқа гап эди. Булутларнинг кўздаги ёш бўлиши… Эҳтимол, оҳорли ташбеҳдир бу… Бошқа бир бадиада эса: ”оппоқ кўйлагини кийган далаларда оқ чаноқларини силкитиб пахтазор сокингина тебранарди”. Ундаги ”оқ чаноқлар”, ”тебранаётган пахтазор (ер қимирлаяпти, шекилли)”га нима дейсиз!?
Яна бир бадиага тиркалган тўртликда шундай сатрлар бор:
”Кўнглим бут бўлмади, бағрим тўлмади,
Туйғуларим етим, аммо ўлмади…”(?)
Тушунмадим, ХХI асрда етимлик ҳам оғир хасталикка айландими?! Етимликдан ўлиш мумкин бўлса. Тилшунослигимизда ”аммо, лекин, бироқ” боғловчилари тавсифи анча мукаммал берилган, қай ўринда ишлатиш жоиз эканлиги алоҳида уқтирилган. Шундан келиб чиқсак, хулоса етимлик-оғир хасталик бўлиб чиқади...
Бир ўринда Малак тан олади: ”… атрофимдаги одамлар бари ўзга олам одамлари...” Тўғрида Малак яшайдиган оламда ”ўзи пешонасини яратадиган одамлар” истиқомат қилгандан кейин дунёмиз турфа бўладида! Улар ўзлари хоҳлагандай тана аъзолари яратиши мумкин, магар тўғри тушунсак...



Фаслларга бўлинган китобни иккинчи фасли ”Шеърлар”. Агар сиз бадиаларни ўқиб чиққан бўлсангиз, шеърлар ўша насрнинг назм талқини деб ҳисоблайверинг. Янги сўз нарироқ турсин, янги гапга дуч келмайсиз. Шеър сарлавҳалари ўзгарган, вазнга солинган, холос. ”Ватан” ва яна бир бағишлов шеърни айтмаса, яна ўша ”суюмлик”ни қулоғи қизийди. Шеърда:
”Соғинганим сенсан, муҳаббат,
Сиғинганим сенсан, муҳаббат,
Суянганим сенсан, муҳаббат...”
Ва бадиада эса:
”соғинганим, сиғинганим, суянганим, Сизни соғиндим...”
Ростини айтсам, учинчи фасл ”Мақолалар”га келиб, на ҳолим, на хоҳишим қолмади. Чиқмаган жондан умид, деб китобни якунладим. Мақолаларда муаллифнинг мақсади, хоҳиши, умидлари акс этиб турибди. Нимадир бор...
 

Аслида-ку оддий бир китобхон сифатида бу фикрларимни ифода этаётган бўлсамда, кимгадир тушунмовчилик уйғотиши мумкин. Мен англамаган нуқталар аслида нуқта эмас энг нозик нукта бўлар, китобни тутиб турган шоҳсўз бўлар. Билмадим. Беш қўл баробар эмас. Ижодкорга сўзларим малол келмаслигини истаб, ижодий муваффақиятлар, ҳақиқий сўз санъаткори тақдирини тилаб қоламан...

Комментариев нет:

Отправить комментарий