суббота, 18 июля 2015 г.

ЭСТРАДАМИЗНИНГ ЭСИ КИРАРДА…



«Икки оғзи шалоқ хотиннинг гурунгини эшитиб, ботмон-ботмон гуноҳ орқалайсан»,-дерди момом раҳматли. Ўзиям анча-мунча луқмани ўртага ташлаб, мағзига тишимиз ўтадими-йўқми, кузатарди. Тушунмасак, ”менинг-ку тишим йўқ, сенларга нима қилди”, дердилар кулиб… Сали кам юз йиллик тажрибаси бор эди-да момомнинг.
Ҳозирги кампирлардек тор шим кийиб, неварасига эртак айтишдан, уларни тарбиялашдан кўра гап-гаштакда сўнгги янгиликларни, «Би-би-си» айтиб берган ”чўпчак”дан то рўдар рўбарў келолмаган воқеаларни-да баҳам кўришни маъқул кўрадиган кампиршолардай эмасди раҳматли.
«Қуруқ қошиқ оғиз йиртади». Қуруқ гап-чи?! Мағзи пуч фикр-чи?! Момом бўлганида айтарди: «Суҳбатни ғийбат қизитади»,-деб. Сўнг яна қўшиб қўярди: «Рост гап ғийбатга ўтмайди…»
Ҳақ гап. Бу сўз таниш барчамизга. Лекин, доим ҳам рост гапни айта олаяпмизми?! Менимча, юзхотирлик ортиб кетди. Чегараси бор ҳар ненинг…
«Оммавий маданият» тарғиботчилари аллақачон экранларимизни банд этгани сир эмас. Сир десак, ичимизга қўрғошин қуйилгандек азоблайди.


Шу десангиз, қайданам ёзишни ўргандим, дейман баъзида. Ёзсам, енгил тортаман. Ёзавераман, кимнидир кўнглига тегиб, дийдиё-ю дағдағасин, пичинг-у киноясин эшитиб юраман кейин… Э, айтсам гап кўп. Анави, деворга илинадиган дилбузорингиз борми, ҳеч қурса катталиги бир қулоч келадигани бордир. Э рўзғор ғор дегандай, қоринга етказсангиз, устингизга етмайди, денг. Бизам шунақасидан ҳавас қилгандик, кичикроғига қурбимиз етди. 6 йил бўлдими, Валлоҳу аълам, ё 7 йилми?! Тиқ этмай ишлаб келаяпти, кўз тегмасин. Дилбузор номи билан дилбузар экан-да?! А?! Нима дедингиз?!
Эстурардами эскирардамизда бир гала фанонағмада хониш қилатурғонлар кўпайиб қолди. Ҳай, майли, фано нағма қил, нега керак гўрди балони куйлаб… Ҳам умрингни хазон қилиб, ҳам бизни заҳарлаб. Ё бизда хусуматинг борми, арпангни хомлайин таг-туги билан ўриб ташладикми ё?!
Ҳа, «писта»га иштиёқманд экансан: бор: Латофат пистачига шогирд туш, тишда чақишми, қўлда чақишми, пулда чақишми-ҳаммасини ўргатади. Яна биттаси «чакки, чакки, чакки қиласан»,-дейди. Чакки қиладими, қурут қиладими, нима ишинг бор. Рўзғор бу… Хоҳласа ”кефир, молоко” деб эрталаб дўмларни айланиб сотиб чиқади. Шунда нима қиласан. Яна қўшиқ қиласанми: «кефир, кефир, кефир қиласан» деб. А?! Эшитмадим?!
Иннанкейин, анави «умуман» гуруҳи ҳанграйди, узр куйи янграйди… Рикломная пауза қилади: нечта хат келади, кимлар эшитади, қанча марта ҳанграшга улгурганини, қўшиб қўяди: «умуман барибир умуман-де!» Нима қилай. Умуман сенларнинг жойинг анави псих Баҳодирнинг балнисасида…


Бизнинг эскирарда фақат ялинишлар, йўталлар, қурбақадан қўрқишлар-у бадбўйларга қолдими?! Тавба-а-а! Воҳ, чап кўксим санчиб кетди. «Профессионаллар» қатлами пайдо бўлдики, улар ўзлари куй басталаб, шеърини ўзи ёзиб, ўзи куйлаб, охири ўзлари эшитиб қолмоқдалар. Момомнинг таъбири билан айтганда, бизнинг эскирардамизда «дордан қочганлар», «ит ғажимас», «бир копийкага қимматлик қилатурғон» гуруҳлар, хонандалар бўй кўрсатиб, «аччиқ ичакдай узайган» олис саф пайдо қилганлар.
Диор, Subhan, Bad boy, Shahnoza сингари беёқимлар олдида «Умуман» гуруҳи сал одамбашарароқдай туйилади. Лекин, ҳаммаси бир гўр…
Санъатимизда бир замонлар севги-муҳаббат куйланган бўлса, ҳозир хиёнат, беқадрлик, «сан бўлмасанг, бошқаси»ю «ўзингни оловурма», «ўзингни ким деб ўйлавоссан»лар қўшиқ қилинмоқда.
«Божалар» гуруҳи нимани нима учун куйлаяпти?! Бор овозда қичқиришлар, жаргонлар, масхараомуз гаплар ўзбек эскирардасининг эс кирмас ва эскирмас мавзусига қачон айланиб улгурди. Бу «қадрият» янги авлодларга ҳам мерос қолмоқда.
                                        
Номсизлар-у номдорлар, «хотин излаган»-у «мевага кўмилган»лар, «қайлардасан, кимлар билан» дея гумонланиб, «менга ҳам ўргат» дея ялинишга чоғланганлар кўпаймоқдаки, зинҳор-базинҳор «тепа қаватдан спўрлашиб, Қишт ташламанг, нақ «санъаткор»нинг бошига тушади-я». Агарки, қўшиқ куйлаш «маҳорат»ини йўқотса, бутун Ўзбекистонни қутқарардингиз, лекин бу ҳам беҳуда… Фано нағмада путури беҳисоб кампутурнинг кўпмиқёсли амаллари билан «маҳорат»ини қайтариб олиб, куйлайверади-да улар. Сиз эса қоласиз бор-будингиздан ажраб, унинг эса яна 10-20 йиллик «ижод»ига спўнсирлик қилиб, тирик қолса агар…



Момом ҳаёт бўлса-ю кампутур-у интернетни ўрганганида, ўз сайтига кўминт қолдирарди:
«Э, санлар артисми, апирисми?! Айтсанг, жонли айт… Айниган калланг билан дилбузорга чиққунча, даволан…» Агар сал асабийлашса, бисотида сероб бўлган қайноқ сўкишлари билан ҳам ўртоқлашардилар. Бу билан момом сўконғич бўлган демоқчимасман, фақатгина  уларга биз эшитаётган «дикс-дакс»лар аниқ ёқмасди-да. Анча-мунчани сўзи билан мот қиладиган, олий маълумотлиларни-да ўйга толдирадиган момомнинг ақли-салоҳияти бу қўшиқлар матнини «англай олмасди». Ё жўнлигидан, ё бизнинг фанат бўлиб қилаётган ваҳимамиздан. Тиши ўтмасди.

Бизга эса бу қўшиқларда нима дейилгани умуман муҳим эмас, бошимиз ликиллаб, оёғимиз мусиқа сабаб типирчилаб турса бўлди. Биз учун ана шу «эс(и)кирарда»!!!

Комментариев нет:

Отправить комментарий