пятница, 17 июля 2015 г.

“КАМБАҒАЛЛАР” ВИРУСИ (жўнатилмас мактуб)


Бир зулм ва зулмат замоннинг ёлғиз умиди, ягона илинж ва таскинига айланган инсон-Варвара Алексеевна!

Сиз қарийб икки аср илгари бу умрнинг бор рангини илғаб, ҳаёт тотидан баҳраманд бўлган аёл. Мен эса замонавий олам- йигирма биринчи юз йилликнинг шиддаткор, шовқинли кўчаларида ўзлигимни сукунат бирла йўқотиб қўйган кишиман. Бизни боғлаб тургани-Камбағаллик.
Ўзингиз айтганингиз сингари “мактуб яхши нарса; киши ҳар қалай овунади”... Бу бедорлик онларимда не учундир, не сабаб, билмадим-у сизга ичимдаги энг ғамгин, исёнкор ҳисларимни илиняпман. Муҳтожлик аталмиш бахти қаролик, қийноқли оғриқ Сизнинг замонингизнинг энг озорли ҳисси бўлса, бугунги кунимизда (етарли барча шароитларга шукрона қиламану) замонимизнинг оғриғи бу маънавияти пуч, ҳақиқатнинг ҳақига хиёнат қилишни кундалик юмушига айлантирган инсонлар.
Сиз “кабутар”, менинг онам мусича сингари беозор. Ҳақ гапнинг тўқмоғи ҳақиқатни гапирганнинг бошида синадиган бу фурсатларнинг мени омон қолдирмаслигидан қўрққан онамни Сизга-да қиёс этаман. Тушу ҳушида менинг чакиллаб заҳар томган тилимнинг бошимга бало бўлишидан чўчиб, ҳар сафар бу йўлимдан қайтишимга ундай бошлайди. “Ўзингни асра, болам, кўзларини юмиб яшаб келаётганлар янглиғ сен ҳам жим, кўзларингни юмгин барига! Кўксида ухлаётган, мудроқ босган иймонлари билан яшаб келаётган аҳли замон қаршисинда кўзларингни юм, уйқуга чоғлан. Уйғотиб қўйма ҳали чарчаб улгурмаган виждонинг нигоҳларини...” дея мени асрамоққа ҳаракат қилмоқда, шу кўйи яшамоқда. Замоннинг ягона талаби бўлиб қолган - қўшнинг бир кўзини қисиб юрса, сен ҳам айнан ўша кўзингни қисиб юришинг лозимлиги менинг ҳаётимни барбод қилиши табиий. Шу боисан ўз фикримдан қолмай, ҳануз рост гапнинг тўқмоғига дуч келмоққа ўзимни тайёрлаб яшамоқдаман.


Менга шу тун тамкин туйилган камбағаллик, дарҳақиқат, “юқумли касаллик” ка ўхшади. “Камбағаллар”га яқинлик қилганим, ёқимлик ҳиссиётга ошнолигим сари бу юқумли хасталикнинг оғриғини туйиб бошладим. Юрагимда жимирлаётган сесканишлар билан олаётган нафасим бўғзимга тиқилсаю бу вафоли дунёнинг бевафо ва ўткинчилигин билмай ўзгалардан ўзиш учун умргузаронлик қилаётган аҳли дунёларни кўрмасам... Қанийди,  ҳаётни изга солиш имкони Сизу бизга берилган бўлса. Биламанки, Сиз Макарнинг умрини қийноқлардан озод этардингиз, мен эса онамнинг... Сиз суюкли инсонингиз умрига мазмун улашардингиз, мен эса уриниб кўрардим: бу инсонларнинг ҳаётини келажак авлод қилгуси шармисорликдан асрашга. Тўғри, менинг қурбим етмасди бунга, миллионлаб элита қатламидаги “ноёб инсонлар” удда эта олмаган ишни мен бажара олмаслигим аниқ бўларди.


“...Бадавлат одамлар эса тиланчиларнинг овоз чиқариб тиланишларига тоқат қилолмайдилар: шу тиланчилар ҳам жонга тегди, буларнинг дастидан ҳеч тинчлик йўқ, дейдилар! Қашшоқлик қачон, кимга ёққан ўзи?..” Мана шундай кунларни кўрган дамларингизда неларни ҳис этгансиз, қизиқ. Мен бугуннинг бир оғиз ҳақ гапни айтган инсонни овозига тоқат эта олмаган одамларнинг: тили чиқиб қолибдими, тезроқ чекламоқ керак, дейишларига кўникиб қолдим. Ҳақиқатнинг бўш товоғин тақир-туқури қачон, кимга ёққан ўзи?! 
Варенька, олқишларга хушингиз қандай, қўлларни ларзага келтирган қарс-қурс чапаклар кўнглингиз чоғ этарми?! Бугун қарсакларнинг кафтларни лов-лов ёндирган сасидан ширин ҳис туйган, ширин уйқуга кетадиган инсонлар тоифаси пайдо бўлган. Маддоҳларнинг гектар-гектар майдонли фермаларга сочган алқовлари бўй чўзиб, ҳукумат бозорида юқори нархда наволанаётир. Уларнинг рақобатга юз тутган норақобатбардош маҳсулотларининг-да истеъмолчилари ҳам сероб. Унинг ҳам чапакбозлари бор, тайёр! Мана шундай деҳқонлар кўпаймоқда, шакл-шамойил топмоқда. Заминистон қишлоқ хўжалигида манфаат белбоғин белига қаттиқ боғлаган кўйи қаламдаста билан ишга отланган ижод аҳли юқори ўринни муқим тутган (ундан-да “улуғроқ” жўшиб ёзадиган ижодкор пайдо бўлгунга қадар). Мана шундай ҳол бугун, азизам!
Сизнинг Макар ёзганидек: “...Китобдан ҳам ўргулдим, онажон! Китоб бўлиб жуда нимайди? Қаёқдаги бўлмағур нарсалар! Романи ҳам бўлмағур, бўлмағурлар учун ёзилган, масалан, бекорхўжалар ўқиши учун: ишонинг, онажон, кўп йиллик тажрибам алдамайди менинг.” Ҳм...Менинг шу замонда китоб ўқийдиган, асл китоб ўқийдиган инсонларга заруратим бор. Китоби чиққан кишига одоб юзасидан табрик сўз билан қутлаб, осмонларга беқанот парвоз эттирадиган ёлғон мақтовлар эмас, дилда ҳапқирган чин самимий тилаклар истайман ва албатта, арзиса. Бироқ, арзимайди кўпидан кўпи, ишонаверинг! Китоби чиқаётганларнинг барчаси Сиз танимас, биз суйган Шавкат Раҳмонмас, Шукур Холмирзаю Рауф Парфимас...
Оҳ, кабутаргинам, Достоевскийнинг адабий қаҳрамонига айлансам  эди. Оқ қоғозга тўккан дарди ноламни Сиз ҳижжалаб ўқисангизу тез фурсатда жавоб берсангиз. Варенъка, бўлмағурлар, бекорхўжалар қолмаган, ҳозир. Ҳозир бўлмағурлигидан қарсакловчи, бекорхўжалигидан маддоҳ бўлган аҳли башар яшар заминда. Ёмон қовуннинг беҳисоб туйилган уруғи мисол бугун одамлар наздида шоиру шуаро, адиблар бари. Ҳақиқатни билишадию, фантастикани, бўрттиришларни маъқул кўради. Бир оғиз Чўлпоннинг озод сўзин айтмоқ журъатин ўрнида давомли детектив асарлар ёзмоқни осон билади бугуннинг ижодкорлари, “олтин бошоқ, оқ олтин”, дея юртин севаётганин билдирмоққа шайланади аҳли қаламлар. Жим севишни, нимадир кутмай ардоқ этишни ўрганганида эса улар дунёни тарк этган бўлар. Яхшиям умр давомий, қарсакловчи ва маддоҳлар ўткинчи... Ва лекин бактериялар сингари тез кўпаювчи, афсус! 
Сизнинг эндиликда самимий дўстингиз бўлиб қолувчи Хуршид КАРШИЕВ

Узун ва бедор тунларимнинг бири, Сиздан икки аср сўнг...

Комментариев нет:

Отправить комментарий