вторник, 21 июля 2015 г.

ҲАММА ЗАМОНЛАРДА ЁШЛАРДАН НОЛИШГАН, БИРОҚ...




                Ёшларимиз кенг фикрли, маънавияти юксак, савияси юқори. Бу фикрлар нечоғлик тўғри. Нечоғлик бу талабларга жавоб беради ёшларимиз. Буниси ноаниқ. Аммо, уларнинг тинглаётган мусиқасидан бу саволларга жавоб изласак, биз анчагина ўйга толамиз. Демократия. 
Фикр эркинлиги, сўз эркинлиги, мутлақ эркинлик. Лекин, эркинлик деб ҳар бало бадтарни қўшиқ қилаётганлар ва уларни мароқ билан, ҳиргойи қилиб тинглаётганларни тушуниш қийин чамамда. Онам айтадилар: «Мен ўша йиллари Насиба Абдуллаевани эшитардим. Алла Пугачева, Модерн Талкинг, Боней М лар машҳур бўлган кезлар. Онам шуям қўшиқми, «тиринг-тиринг» дердилар. Ҳозир сизлар эшитаётган ашулалар гап-сўзга ўхшайди…» Ҳамма замонда ҳам ёшлардан нолишган. Кўнгиллари тўлмаган. Бугунги қўшиқлар жимжимадор клиплар, онам айтган «Дикс-дакс» мусиқалар панасида сўзларни бекитаётган бўлса, бизда, ёшларда айб нима?! 
                Қўшиқлар шеърлардан яраларди, адашмасам. Ҳозир ҳам шундайми?! Агар шеър бўлса, жуда ғализ аҳволда: вазн бўлса, қофия, қофия бўлса вазндан дарак йўқ… Бугунги ўзбек эстрадаси кўзга кўринганлар ва кўзга кўринолмаётган (кўзга кўринса таёқостида қолиб, бели синадиган ва ёки танқидлар белини букадиган)ларга бўлинади. Ёхуд куйловчи ва гапирувчилармикан?! Шу десангиз, телефоним (техникада) ишламай қолиб, жиянимдан телефонини олиб турдим. Қўшиқ эшитиш билан мароқ олганим боисми, тарки одат-амри маҳол-қўшиқ қўйдим. Аваз, Субхон, Диор, Шахбоз Навруз, Шахруз Абадия каби «хушовоз хонандалар» ва Уммон, Арк, Маъно, Армон, Bad boy сингари «соҳир нафаслар»… Рости, шуларнинг кўпчилигини биринчи бор эшитишим. Воой доод нуқта нет, Велкам ту _______студио ва яна бир гала қўшиқдек маънили сўзларни эшитиш янада илҳомбахш, роҳатбахш ҳисларни улашди. Жияним ҳали 15 ёшли бола, тушунмай эшитаётгандир, лекин айтаётганлар ёшига етарли ақли борлардир. Шуям қўшиқми?! 
Шулардан бири шаҳримизга келиб, концерт берганда 10 минг кишилик стадион лиқ тўлганди. Кўчада киролмай қолганлар анчагина сонни ташкил этишини эшитиб, яхши гуруҳдирда девдим, мен содда. Видеога тушуриб келишган экан: бўйи етган қизларнинг лаби хўрозчаларга ўқталиб панжарадан ичкарида қолган. Ҳамма бақиради. Тик оёқда. Ана мухлису мана мухлис. Ана санъату мана санъат деб юборади киши беихтиёр. Шунчалик ёшларимиз санъатни севади, ардоқлайди. Қўшиқчиларни олма билан сийлашганда аччиқлангандим ҳам (олма ейилган эди-да). Шунчалар ҳам «маданиятсиз» бўладими деб ич-ичимдан хафа ҳам бўлгандим. Мана бугун шу гуруҳнинг қўшиғини эшитяпману, қўполлик бўлса ҳам ўша «меҳмондўст»ни қўллаб-қувватлагим келди, қиммат бўлса ҳам оёқ кийимим билан юзига мўлжаллаб туширмоқчи ҳам бўлдим. Шуям қўшиқми?! Бир куни эса бир йигитнинг фудболкасида  Bеd boy (ётоқ бола) деб ёзилганини ўқиб кулиб юбордим. Табиийки, ўшанда бу пурмаъно иборани тушунмагандим. Бугун билдим ўша шўрпешонани кўчада кулгу қилган Bad boy номли хонандадан олинган илҳом экан. Эй, ҳавас ўлсин, ҳаммага ҳам ҳавас қилинаверса… Эҳ…Бугунги киносанъатимизнинг шармандаҳоллигини ҳам шу кун тушундим. Катта истеъдод эгаларининг драмаларини тинглаб, тамоман лол колдим. «Детдом», «14 кунлик келин», «Донор юрак» каби драмаларни тинглаб ўзбек киноси кўз ўнгимда ўз тасмаларидай бино бўлди-ўта бошлади. «Учар киз», «Шаддод киз», «Ўғри келин», «Келгинди келин» у-бу ва яна бошқа гўрди балолар. Яна ўхшашликларни қаранг: «Ҳаммом» драмаси ижодкорларидан «Ҳожат» драмаси худдики «Гунгқиз» фильми ижодкорларидан янги фильм «Кўрқиз» каби. Менинг фикри ожизимча, бундай қўшиқ шеърларини 5 дақиқада ёзишса керак. Ном қўйиб матн ёзишдай осон. Ана тезкорлик, 15 дақиқада қўшиқ, 1 ҳафтада бир бутун фильм. Умр ҳам шунчалик узоқ. Яна бир эстрадамиз топилмасининг магар томоғи шамоллаб, қайта қўшиқ айтолмай қолса, ойда-йилда тандири қилиб кўргани борардим, рост гапим. 


Бир қўшиғи бор экан, ичига аралашмаган нарса йўқ. Келин-куёв, тўй, чимилдиқ, яна қайсидир «ҳамкасб»ининг ижодидан дурдона иқтибос, тўй дастурхонига деб тайёрлаб қўйилган товуқнинг пат-пати ҳам бор. Ва ёки бу қўшиғини ўша буюк ҳофиз ушбу қилмишидан ўзи ҳам уялиб товуқхонага кириб куйлаганмикин?! Эх савия!!! Қўшиқ деб куйлаяптида шу гап-сўзларни. Ўзларини шу таъм тутумсиз қўшиқлари сабаб қўшиқчи санаб, яна ва яна микрофон қаршисида пайдо бўлмокда булар. Ўзи бу қўшиқлар шунча вахимага арзимайдию бироқ биринчи бизда кейин бошқаларда, хит қўшиқ деб осмондан олиб, янада баландроққа улоқтираётган сайтларни кўриб, ўзлари билишаётганмикин, шунчалар обрўларини тўкаётганини деб ўйлаб қоламан. Бундай қўшиқларни тарғиб қилиш… Яна билмадим, балки оила боқишдир боиси бунинг… Ахир ҳаммада ҳам ейман деган тешик томоқ бор, тешик тўрваси бор, битмас ғордай рўзғори бор…
Сехрли таёқчам бўлганда, шуларнинг барига ақл ато этиб, бу қилаётганлари шармандалик эканини тушунтирардим. Агар таъсир қилса… Ё шу таёқчани ищлатишим биланоқ, менга ҳам қарата қўшиқ куйлаб қолишармиди:
«Сан мани кўролмайсан,
Мани мухлисларим ВИП.
Ортимдан юролмайсан,
Ахир, ҳайдайманку Жип! Е-е-е-еййй!!!»


    Йўл бўйи шу алламбалоларни эшитиб, ишим битиб, уйга келганимни ҳам сезмабман. Жиянимни чақирдиму сўз бошладим:
-Ма, ол матоҳингни. Шуям ашулами. Ееееей, Воооооеееейй эмиш. Маъни матрасиз!

Соз бўлган телефонимни ёқдиму яна қўшиқни қўйдим. Энди синчков эшита бошладим. Баъзи қўшиқларимнинг ҳам шу қўшиқларчалик юки борлигини билиб, ҳайрон ҳам қолдим. Эътибор бериб-бермай эшитаверар эканманда! Аммо, ҳануз билмайман бунақа телбанамо хириллашларга ким сабабчи, ким айбдор?! Яқинда интернет  орқали қўшиқларни жойлаштириш ҳам тартибга олинишини билиб, кўнглим сал хотиржам бўлди. Бироқ, ҳамон қанча-қанча ёшларимиз мана шундай ади-бадиларни эшитиб заҳарланмоқда. Яна қанча-қанчаси уларни севиб, ардоқлаб, эсдан оғишмокда. Туппа- тузук йигитлару қизлар. Аслида қўшиқ куйлаш айбмас, уят эмас. Бироқ бу каби пуф десанг кўтарасига учар енгил-елпи саёз гап-сўзлар ҳақиқий иснод.

Бу кетишда санъат ҳам ерга киради, адо бўлади. Яна аниқки, шу кетишда енгил-елпи ёшлар қўлидаги буюк келажак завол топади. Худони ЎЗИ АСРАСИН!!!

Комментариев нет:

Отправить комментарий