воскресенье, 19 июля 2015 г.

УЧ КИШИЛИК «МУҲАББАТ» ёхуд биз билган севгининг янги қирралари


Севгининг кўзлари кўр. Севсангиз, кўзингизга севган кишингиз энг идеал бўлиб кўринади-да, кечагина дўстингизнинг бағрида тўлғанган қизни ҳозир сиздан бўса олмоқ учун лаб чўзиб турганини ҳам унутиб қўясиз. Унинг ҳозир ёнингизда турганидан бахтиёрликни туясиз, холос. Севги учун яна нима керак?!.

Йигитлик ғурури (магар бўлса, баъзиларда йўқ ҳам), дўстлик ҳурмати, нафсоният ва шарм ҳисси ҳам Сизни тўхтата олмайди. Бу нима бўпти, сиз гаплашаётган, уйланмоқчи бўлганингиз — дўстингизнинг сизга қолдиргунча овунчоғи бўлса. Бу ҳеч нима эмас. Баъзи қизлар (ўзи қиз деб бўлармикан)га, яъни ҳар тун таниш-у бегонанинг овунчоғи бўлган қизларга уйланганлар бор-ку. Нима уларда ақл йўқми?! Бо-о-р. Сиз-у биздан ақллироқ улар. Замон кўрган, жаҳон кўрган улар. Баъзи мамлакатларда хотинларини бир кечага алмаштириш урфи бор. Фақатгина бизнинг ақлли ахмоқлар суюклигини ҳар тўғри келган кеча алишиб кўрган, холос. Сизга ҳам дўстингизнинг маҳбубаси мафтун бўлибдими, Сиз ҳам унга ошиқу мубталомисиз, айби йўқ бунинг. Бизда урф бўлмаган хориж қадриятидан андоза олиб яшайверасиз. Ҳарқалай, дўстингиз билан Сиз ҳам, севгилингиз ҳам алоқаларни узмагансиз. Давомий бўлсин, кўз тегмасин.
Бир замонлар душманингдан қасос олиш шартмас, уйлантириб қўй, ўзи ўлиб кетади, дейишарди – кулардик. Бахтиёр йигитлар: «Дўстингга ҳурматинг чексиз бўлса, севгилингни баҳам кўр», дейишаётганда нима қилайлик, йиғлайликми?!. Киноларда дўстлар бир-бирлари учун севгиларини қурбон қилишарди. Ҳозиргилар ғурурларини қурбонликка бериб, алмашиб севишмоқдалар. Мен уларни қораламайман. Бу жуда яхши. Анави, шаҳар марказидаги истироҳат боғида ялашиб-юлқашган йигит билан қизнинг қисмати қадрдонлик билан якунланаяпти-ку, ахир. Қизга унинг яқин дўсти уйланаяпти.
Бу серқуёш заминимизда 7-8 та қизга бир йигит тўғри келади, дейишарди. Афсуски, бир қизга камида иккита ўртоқ тўғри келаётир. Ва уларнинг иккиси ҳам мамнун. Ичларида бир зарра оғриқ, ўкинч, рашқдан асар ҳам йўқ. Бунисига нима дейсиз (Мен-ку ёқамни ушлаб, сал қолди ўзимни буғиб қўйишимга. Шунинг сабаб ҳозир фақат енгимни ушлаяпман, ёқамни эмас)?! Аёлини мақташса, хурсанд бўлиб, ташаккур айтадиган эрлар замони келдими ёки шу ҳолатдан эринган йигитларимиз бир-биридан мақтов кутмай, шундоққа алишиб кўришаяптимикан. Мақтовларнинг қуюғидан умидворликдир бу, эҳтимол. Шу десангиз, азизларим, йигитларимизнинг шу ҳолидан ҳам шукр этмоғимиз жоиз. Зеро, улар севмоқдалар. Агар у ўша қизга дўстимнинг «юриб-юриб, ташлаб кетгани» деган назар билан қараса-ю, гап отмаса, у қиз барибир бир гул (эҳтимол, гўл) йигитнинг тақдирига айланарди, аниқ. Ундан кўра ўзи «гаплашиб» қўя қолади. Бундай йигитлар қизларнинг ҳеч бирига ишонч кўзи билан боқмайди. Улар барчани ўз қаричи билан ўлчайдилар. Фикри юксаклигича (бизда фикримиз ожизлигича бўлади, улардамас), барча қизлар худди ўша дўсти ва ўзининг баҳам кўрадиган маҳбубасидек – капалак. Шохдан шохга қўнар, қўнмаса, йигитларнинг ўзи қўндирар капалак!
У эмас, бу эмас, мен уларнинг бу йўли, бундай танловларидан «шодумонман». Улар ўзбекона орият, йигитлик шаҳду ғурурини аҳамиятсиз этиб, дўстининг овунчоғига илакишган (замонавий ибора билан айтганда «кола бўлган») экан, бу ҳеч қандай қўрқинчли эмас, менингча. Улар битта қизни ҳеч қандай рашқ ва қизғанишларсиз, бемалол лабидан бол сўриб, белидан қўл ўтказиб, болажонлар учун барпо этилган боғларда тиззаларига бош қўйишиб, ишқаланиш кучини ўзларида синаб, бир яқинимиз ибораси билан айтганда эса «бир-бирининг бошини ғажиб» ётишгани биз учун эриш, биз учун қўрқинчли, бироқ улар учун лаззат, муҳаббат, худди мана шу уларнинг наздида ёшлик шукуҳи, бугуннинг талабидир. Хафа бўлганим билан, уларга гапириб оғзимни чарчатганим билан ҳеч нарса ўзгармаслиги кундай равшан-ку, ахир. Шундай экан, келинг бошқа нарсалар ҳақда суҳбатимиз қизий қолсин.
                                           
Йигитлар (икки ўртоқ)нинг бир гўзалга ошиқ-у мубтало бўлгани ҳолда фильмлардаги сингари бир-бири билан курашиб ёхуд севгисидан воз кечиб, дўст бўлиб қолишлари, «Сангам»дагидай жонидан кечиб ётишлари аҳмоқгарчилик-ку. Шундаймасми?! Ундан кўра киноқаҳрамонлар бизнинг “ақли бутун” ёшлардай йўл тутишсин, алмашиб севишаверишсин. Сих ҳам куймайди, кабоб ҳам. Йигитлар ҳам лаззатда, қизга-ку икки баробар роҳат. Унда танлов имконияти кенг, бу кетишда профессионал бўлиб, икки ташнанинг чанқоғини қондирган бугуннинг «Лайли»си ўз фирмасини очади ва ўзидай ҳолатдаги қиз-у йигитларга маслаҳатлар беради: «Иккитаси нима бўпти» ёки «Иккисига ҳам «жавоб», «Ишқий учлик», «Ошиқлар ўксимасин!», «Севгингиз жавобсиз қолмасин!» ва ёки яна бир қатор далдасифат номларни фирмаси пештахтасига илади...
Бу сафарги дарди достонимни «Севгининг кўзлари кўр», дея бошлагандим, ишониб, тушуниб бошладингизми бунинг сабаб ва исботини. Нима ҳам дердим, нима ҳам дея олардим... Фақат айта оламанки, севинг, севилиб яшанг, азизларим! Хулосаларингизни, ичингизда йиғилган гаплар-у онгингизни банд этган ўйларингизни кутиб қоламиз. Йигитлар, ўйлаб кўринг, иложи бўлса муносибини севинг, уни кўз қарочиғидек асранг-авайланг, вафоли ҳолда садоқатидан баҳраманд бўлинг. Агар буниси Сизга маъқул бўлмаса, узр, гапимни ўқимадим деб ҳисобланг. Дўстингиз билан маҳбубангиз баҳам кўраверинг. Бошқа гапим йўқ. Фақат қиз қолиб, чет элдагидек дўстингизга ошиқ бўлиб қолмасангиз бўлди... АСТАҒФИРУЛЛОҲ, дея охир (оғир) сўзларини айтиб, гапларига  нуқта қўйган — сўнгги лаҳзаларда Сиз билан ҳамроҳ бўлган маслаҳатгўйингиз

Хуршид.

Комментариев нет:

Отправить комментарий