понедельник, 10 августа 2015 г.

ҲАВАС



“I was here…
I lived, I loved…
(қўшиқдан)

 


Ростини айтсам, эпиграф келтириб нимадир қоралаш менга ёт ҳолат. Бироқ, бугун ҳавас билан ёзмоққа чоғландим… Эпиграф ўйлаб вақтни чўзишни истамаган кўйи ишни битирган таваккалчи йўлини тутдим. Қулоқчинимдан янграган куй қулоғимни қоматга келтирмоқда. Қўшиқдан “кўчирма” олдим. Тўғри келадими-йўқми, бу унчалик муҳиммас, менимча! Бир ҳавас-да!
Э ҳавас ўлсин, дейишади. Ростдан бу кўнгилга қўйиб берсангиз, нималарни тусайди, умрингизни турфа рангда туслайди. Ҳавас қурсин…
Йилда жуфт қўзилаган қўйнинг баракаси чўпонни қанчалик суюнтиради. Бу севинчнинг чеки-чегараси йўқ. Худога шукур! Муҳаррирнинг “меҳри”, мулложирингнинг “сеҳри” билан эпақага келган китобларнинг нашри эса китобхонни ҳам, ҳақиқатни билиб-да қувонган китобга доҳилларни ҳам “алдайди”… менинг ҳам шунда ҳавасим тошади. Китоб чиқарсаммикан?! Изма-из занжир етаклаган бирни сарф қилсам, ҳечқурса адади икки юзга етар бир балосифат китобим ёруғ дунёни кўрар. Ҳеч ким олмаса, ана, икки мингдан ортиқ қавм-у қариндошим (ёмон қовуннинг уруғи кўп бўлади деганларидек) бор. Бири бўлмаса, бири олар. Ўқимаса ҳам, уйида туради. Нима дедингиз?!
Ҳали “шеърнинг шер эканини, мағзи пучи дилни ер эканини” билмаган, 15 га ҳам тўлмаган шоир-шуаролар китоби сони ададига етиб қолганда битта китоб чиқарсам нима бўпти, шунга ҳам ота гўри қозихонами?! Ё осмон узилиб ер бўлармиди?! Ҳаҳ, ҳавас ўлсин-а?!
Туриб-туриб ана телевизордан Дерсу Узаланинг шогирди, Жумавойнинг қариндошидай инглизча талаффузни қалпоқ қилиб қўйган “Инглиз тилини ўрганамиз” кўрсатуви бошловчисини кўриб, тилимни қайрайди асабларим… Эфирнинг шу вақтига эътиборсиз қараган телевидение ходимларини-да, ўз ишига масъулият билан қарамаслиги, қизиқтирмаслигидан кўнгил хира тортади. Бошловчи билан суҳбатда:
—Сиз тил ўргатаётган бўлсангиз, қандай удда этяпсиз?! Талаффуз дегани нозик бўлади. Бир товуш бошқа сўзни ифодалаши мумкин…
—Тўғри, лекин мен лицейда ўқиганман-ку. Инглиз тилини яхши биламан.
—Ҳа, яхши…
Нима ҳам дердим. “Ишон, аммо шубҳа қил!” Кўрдим. Тилим ожиз. Уддалабди. Саккиз боланинг тилдан бехабарлиги бошловчини қутқарибди. Цўқса, сўзга чечан, тили ўткир, инглиз тили билан таниш болалар аниқ бопларди.
Ҳавасим ортади (Сизнингча, хасадим балки). Шу онда менинг ҳам экранни банд этгим келади. Ҳарқалай, шу соҳада фаолият юритган чоғларимда орттирган малакам бу каби кўрсатувлар учун етарли (бироқ бу соҳа кўнглимни анча хижил қилган). Бу соҳага қайтиш нияти онда-сонда миямда ёлқинланадиган орзу холос. Айнан шундай онларда.
Баъзан эса ҳали-ҳануз кўрсатув тайёрлашда студиядан чиқа олмаётган журналистларни кузатиб, миямда ғужғон ўйнаган янги лойиҳаларим билан кўрсатувлар тайёрлагим, эски ва қадрдон жамоамни тиклагим келади, ҳаваслари келсин аввалгидай хасадлари эмас дейман ҳавасманд дилим билан.
Баъзан юқорида таъкид этганим қўштирноқдан паноҳ топган шоир-у журналистларга қарата “Қандини урсин” дердим-у, бу кетишда шеърият ҳам, журналистика ҳам қўштирноққа банди бўлиб қоладими деб қўрқаманда. Худо сақласин.
Э нима ҳам дердим. Ёзсам гап кўп. Ҳавасларим бисёр. Элга фойдаси тегар инсон бўлсам, ҳар ишимни чоҳқазарлардан холи бажарсам, бахтли бўлсам, ўзлигимга ўзим ҳавасда ўтсам…
Ҳавас ўлсин, дейдилар. Ўлмасин, шу ҳаваслар билан яшаб келаяпман, шу ҳаваслар билан мақсадлар сари илдамлаяпман. Шу ҳаваслар борлиги сабаб бахтлиман. Ҳавас бор бўлсин!!!



Комментариев нет:

Отправить комментарий