понедельник, 10 августа 2015 г.

СОҒИНЧЛИ САЁҲАТ


                                     Соғинч шундай туйғуки, тарозига ўхшайди. У соғинган инсонингга нисбатан қанча меҳринг борлигини ҳисобини беради.ҳар куни кўз олдингда бўлган инсонлардан узоқлашгачгина англайсан — муҳаббатингнинг катта қисми уларга тегишли эканлигини...



Соғинч хусусда гапириш ниятими йўқ, бироқ соғинган инсонларим билан бўлган олис, қизиқарли, баъзи кез зерикарли, баъзи кез экстримал, баъзи кез эса жуда қўрқинчли ва ... бўлган саёҳатимиз ҳақида гап кетса, нима дейсиз!? Бошидан бошлаймиз унда!
* *  * 
“Отпусти меня, я буду сломанная птица...” телефоним (унча қиммат бўлмаса ҳам, мен учун қадрли) дан шу куй янграй бошлади. Демак, кимдир қўнғироқ қилмоқда. Салом-аликдан сўнг Баҳриддин:
—Августнинг бошларида режаларингиз қандай, мен курсдошларимизни уйга чақиряпман. Сизга ўзим телефон қилиб айтяпман. Келасизми?!
—Бораман, аниқ (аслида, мен “ис чиққан жой”дан қолмайман, лекин баъзан аниқ деб туриб ҳам ишим юришмай қолиб кетаман. Бу сизга ноаён бўлса-да, бу ҳаракатларим жонига тегиб улгурган курсдошларимга аён).
Хайрлашдим-у, хўржинни пул билан тўлдириш йўлларини ўйлаб бошладим. Оз вақт қолибди.
“Отпусти меня, я буду сломанная птица...” Бу сафар Жавоҳир телефонимни куйлашга мажбур қилганди. Унинг ташкилотчилигини билганим учун қўнғироқ сабабини дарров тушундим. Келишувдан сўнг қуюқ хайрлашдим-у, шу кундан бошлаб кун санайман. Ичим сиқилиб бошлайди...
 * * *  
Белгиланган кун... Бу сафар ҳаммадан аввал айтилган жойда ҳозир эдим (бу гап мен учун сенсацион воқеа, чунки мен кечикувчиман). Аммо... Дарров қуёш тиғидан панага – интернет кафега ўзни урдим.
“Отпусти меня, я буду сломанная птица...” Муроджоннинг рақами – Беккелдининг овози. “Йиғилиб бўлдик” деган ёлғон кўрсатмага ишониб етиб келдим. Мен тўртинчи эдим. Жаҳонгир, Беккелди, Муроджон ва мен...
—Ўзи ким-ким бораяпмиз?
—Тўрталамиз, Ориф ошнаси билан, Жасур, Ихти (ёр), Сафар, Жава эса Деновдан тўғри ўтаркан. Лазиз билан Суннат боролмаскан...
—Ҳа, яхши дейман Беккелдининг батафсил баёнотидан сўнг.
* * * 
Ярим соатлик кутиш бизга иссиқ куннинг ёқимли фурсатлари бўлди дея олмайман-у, лекин аллақачон суҳбатимиз кундан ҳам қизиб кетганди. Сафар билан Жасур ҳам етиб келди. Йўлдан Ориф билан ошнасини олсак, яхни ичимликлар буюртмасини қабул қилиб олган Ихтиёр Жарқўрғондан чиқаркан.
Биз йўлдамиз. “Йўл азоби” деганларидек, келинг, олис йўлда зерикмаслик учун ўша азобни ҳис этмаслик учун сизларга курсдошларим ҳақида оз-оз гапириб бераман.
Аввалига гуруҳга бўлиниш пайти ўзга гуруҳда қолган ҳамтақдирларимиз ҳақида айтай...
“Олд ўриндиқда савлат тўкиб ўтирганбу йигит Термиз давлат университетида “Ҳинд филологияси” бўлганда энг юқори балл билан (ҳаттоки инглиз тилига киришда кўмаги теккан ҳарбий имтиёзсиз ҳам) ўқишга кирарди. Биз (инглиз филологияси талабалари) ҳинд куйларига ошно бу йигитни ҳинд актёридай тасаввур қилиб ўрганиб қолганмиз. Энди унинг ешриги – яқин дўстимиз Жасур. У билан сенсирашиб гаплашамизки, бизнибунча яқин қилган дўстлик қачон бошланганини билмайман, рости. унинг асаб торларини чертишни хуш кўраман. Иккимизни 1-курслик пайтимиз “Чикко” ё бўлмасам “Муллолар” деб атай бошлашганди (Янги йил тадбиридаги эсда қоларли қилмишимиз учун),  Худога шукур қутулдик. 
Энди бизнинг машинамизда яна бир ҳамма санъату маҳоратига тан берган ҳамроҳимиз ҳақида гапирсам. Гуруҳимиз сардори – Сафар! Аслида, уни сафарларга олиб юриш шартмас. Унинг маҳорати шундаки, 24 соат ҳам ухлаши мумкин. Уйқудан тўймайди. Мана, ҳозир ҳам машина ойнасига башарасини тираб ухлаб кетаяпти. Келинг, унга халал бермайликда, олдиндаги машина йўловчилари билан ҳам танишиб олайлик.
Беккелди – нима мавзу бўлса-да, гапи тайёр бу йигит техника ва уни сотиш, ўртада реклама вазифасини ўташда олғир ҳисобланади. Ундан олғирини бу борада топиш мушкул, менимча. Муроджон – ташқи кўриниши ва ички олами бутунлай фарқ қиладиган йигит. Ҳозиргина йўлдан минган Ориф эса исми жисмига монанд, ақл-у ҳуши жойида, самимий инсон. Унинг ўртоғи хусусда нимадир дейишга ожизман. Исмини биламан – Наврўз, туғилган куни адашмасам – 21-март. 
Гап билан бўлиб, Жарқўрғонга ҳам етиб келдик. Бизни кутиши керак бўлган Ихтиёрни биз кута бошладик. У нафақат буюртма – яхна ичимликларни олиб келди, балки бизга Баҳриддинларнинг уйига қадар машина салонида тиқилиншиб кетиш, қисматини ҳам тақдим этди (Йўл азоби шу эканда, дейсизми?! Йўқ, биз Дарбандга – Суннатларнинг уйига борганда бир машинага адашмасам 9 киши мингандик, ҳайдовчидан ташқари. Бу беш киши нима бўпти).
* * *     
Ихтиёр – бутунлай бошқача, қизиқ йигит. Эҳ, унинг ўзбекча гапларни ҳам инглизча талаффуз қилишини эшитиб, ичагингиз ё ўралашади, ё аниқ узилади. Деновдан келадиган Жавоҳир эса ўта самимий йигит. Кўнгли поклиги сабаб ҳам беғубор севги унинг юрагини эрта ишғол этган. Севгисининг ҳам, ўзининг ҳам умри узоқ бўлсин! Энди мезбон ҳақида бир оғиз гап. Аслида, бизни икки йилдан бери танийдиган ақли бут одам меҳмонга ўлақолса, чақирмайди. Инжиқ, дастурхон-у шовқинни севадиган бу йигитлар ҳаммани бир соатда безор қилиши табиий. Шундай одамларни бир эмас ўнтасини уйингизга таклиф қилармидингиз. Шундай режангиз бўлса, бу ниятдан қайтинг илтимос. Бир ойга етар масаллиқни еб битиришга қодир бу йигитлар ахир. Ана гап қаёққа кетиб қолди. Бу гап билан уни ахмоқ демоқчимасман, уни чинакам меҳмондўст, оиласини эса сахий ва кўнгли кенг инсонлар деб айтмоқчиман, холос.
* * *  
“Олмазор” маҳалласига етиб келдик. Уй манзилини билгувчилар адаштирмай Баҳриддинларнинг очиқ дарвозаси томон элтди. Ҳали машинадан тушиб улгурмай, меҳмоннавоз Баҳриддин, Зуҳриддин (Баҳриддиннинг акаси) ҳамда Қуддус ака (Баҳриддиннинг отаси) ва Жавоҳирлар кутиб олишди. Очиқ чеҳра уй соҳиблари бизни иззат-икром биланкутиб олишаркан – Олтинсойнинг меҳнатсевар эли, кўкси осмон инсонлари шундай бўлса керак дердим ичимда.
* * *
Меҳмонхонаган кирдик – ўрнашдик. Зарядга муҳтож телефонлар Баҳриддиннинг қўлига топширилди. Суҳбат қизиқ бошлади – биласиз, эркаклар йиғилса, суҳбат мавзуси нима бўлишини (қизлар деб ўйламанг, сўнгги технологиялар энг асосий суҳбатлар мавзуси бўлади)...
—Қанчадир ҳам “like” йиғса, пул бераркан дея ижтимоий тармоқлар, интернет ва технологиялар хусусда бир ёнда суҳбат кетаётганда, иккинчи ёнда ишлар ва маошлар ҳақида жаврашардик. Сақар эса икки суҳбатнинг марказида қолганди.
—Нақд берарканми?! Деганда ҳаммамиз аввалига ҳайратда эдик, беихтиёр кулиб юбордик ҳам. Чунки бу савол айнан маошлар хусусида бўлса ҳам лайк учун олинадиган маблағлар мавзуси учун ҳам тўғри  келарди. Сафар – гуруҳ сардори-да! Икки тарафни ҳам эшитиб ўрганиб кетган. Ўқитувчиларнинг ҳам ва талабаларнинг ҳам... 
                     
* * *
Қўллари дард кўрмасин, паловхонтўрани жуда ширин тайёрлашган экан. Олтинсойнинг тилёрар узумлари билан бирам ёқимли ўтдики томоғдан, асти қўяверасиз. Қорни тўйган қўзидек, ҳар ер-ҳар ерида юмалаб олиб гапни давом эттирардик (кўрдингизми, гапим аввалида айтгандим-ку, бизлар еб-ётишни хуш кўрадиган жамоамиз. Ётиб еса тоғ ҳам чидамайди, эслаб қолинг).
* * * 
Соат чамаси 4. Биз Хўжаипок ота томон йўл олиш учун ҳозирлик кўра бошладик. Уч машина тайёр. Юмшоқ ўриндиқли, кенг салон автоларни назарга илмасдан Қуддус ака бошқарувидаги  “Жигули”га ўтирдик. Билардимки, саёҳат оддийлик билан қизқиарли ўтади, ҳашам билан эмас. Наврўз ва Жавоҳир ҳамроҳларим. Зуҳриддин олд ўриндиқда. Қуддус ака самимий суҳбат билан бошқарувда.
Аллақачон олдиндаги икки машина кўринмай қолди. Биз эса эркин ҳаракатда. Фақат...
Фақат қандайдир овоз бизни тўхташга мажбур этди. Худо сақлабди. Машинани биз келишимиз олди техник кўрикдан ўтказишибди-ю, ғилдиракларнинг бирини қотириш ёддан кўтарилибди. Кўчада ғилдирак қувиш муаммо бўлмас, бироқ ҳаракат вақти ғилдиракнинг ишдан чиқиши анчагина муаммо келтириб чиқариши аниқ. Вақтида сезиб қолишди. Устахона олдида муаммо аниқлангани айни муддао эди. Қуддус ака керакли мурватларни топиб келди. Аввалига Зуҳриддин, кейин эса ҳайдовчилик гувоҳноаси олиш учун таҳсил олаётган Жавоҳир ўз маҳоратини синаб кўрди. Қуддус аканинг бой тажрибасидан сабоқлар ҳам олди. Эҳтиёткорлик ва эътиборлилик, масъулият қанчалик зарур эканини яна бир бор ҳис қилдик. Йўлда давом этамиз...
* * *  
Бай-бай шиғил ҳосил берган узумзорлар, интенсив боғлар, мевазорлар, ёнғоқзорлар... Меҳнатдан роҳат топган олтинсойликлар ҳар ишга меҳр билан ёндашишини бу боғларни кузатиб амин бўласиз. Йўлни икки чети ям-яшил, боғбон амакилар дердим-у кўпи бизга тенгдош. Демак, боғдорчилик ҳадисини эрта олган ёш тадбиркорлар. Фойдаланаман, деса имкон сероб, эътибор ҳам бисёр. Фақат дилда эзгулик билан илдамлаш жоиз. Нима дедингиз?!
* * *
“Ҳозир қуп-қуруқ, тошлари кўриниб турган жой селнинг келар йўли экан. Бунча кенг майдонни эгаллаб, оқар селни тасаввур қилдим-у, қўрқувни ҳис қилдим. Ҳар йилги селни билиб туриб бу ерлик халқ қандай яшаркан, деган ўй билан кетарканман, Жавоҳирнинг машина салонидан олган суратлари кўзимга чиройли кўриниб кетаверади. Яна машина овози... Энди нима бўлди экан. Йўл четида тўхтаймиз. Радиатор қизиб кетибди. Лойқа сув оқаётган ариқчадан сув ташиш бошланади. Жавоҳир билан сув етказиб турамиз. Суратларга олишни ҳам унутмаймиз.
Афсуски, суратга олишга улгурмадик. Қуддус ака машина “қумғони” қопқоғини очдилар-у, сув (худди қора чойга ўхшарди) отилди. Ҳаммамиз ортга бирдан чекиндик.  Кулгу кўтарилди. Энди радиаторни совутиш учун сув олиб келдик. Бироз табиатдан баҳра олиб, тоғлар, кўм-кўк осмонни мириқиб томоша қилдик. Оз йўлдан сўнг – Хўжаипок ота зиёратгоҳи”.
* * *   
Энди буёғини Зуҳриддиндан эшитинг. Унинг айтишича, олтинсойдаги диққатга сазовор, туризмларни ўзида жамлайдиган зиёратгоҳлар юздан ортиқ экан. Кўпларининг номини ҳам билмайман, дейди. Бу факт, бу мезбоннинг гувоҳлиги. Меҳмон сифатида айтганимда, ишонмасангиз, айбламасдим. Чунки, мен бир кунда ҳали ўзим кўрмаган жой ҳақда ишончли гап гапира олмайман, агар гапирсам ҳам, мантиққа тўғри келмайди (Мантиқ фанини жуда зўр ўқиганмизда).
* *  * 
Мана-мана... регистрациядан ўтиш учун белгиланган пулни тўлаймиз-да, зиёратгоҳга кириб келамиз. Улар қаерда экан.
* * *   
Таъби нозик, инжиқ бу йигитлар жой танлаш борасида бир қарорга келиша олмасди. Ким учундир плей стейшн, яна ким учундир баланд мусиқа, кимгадир вайфай, яна кимгадир эса вақти ортса камида иккита ... керак эди. Кўнгли ҳар балони тусаётган йигитлар буларнинг ўрнида юзга яқин супа тиқилинч, режасиз қуриб ташланган зиёратгоҳга келиб ҳордиқ чиқараётганларнинг атроф-муҳитга бепарволиги ва ходимларнинг улгурмаётганлиги ҳисобига йиғилиб қолган ахлат ифоридан маст бўлдилар. Қайси жойга чўксак, бизни ўша ифор таъқиб этарди.
* * *  
РЕКЛАМА
Барча алоқа операторлари тоғлардан уёқда қолган бўлса-да, “Узмобайл”  биз билан ҳамнафас эди. Сифатли алоқа, мижозлар учун ғамхўрлик ва албатта, ҳар нафас ҳамроҳ бўлган миллий оператор!”
Яна вай-фай, текин сауна, плей стейшн орзу қилаётганлар энди танловидаги операторнинг бир дона антенасидан умидвор эди, холос. Телефон зарядлаш учун эса Сафарни қоровулликка қолдириб ишга уннадик. Олтита телефон ва уйқусираган Сафар ва кечки сайрни ихтиёр этган кичик жамоа. Учга бўлиндик.
Суннатнинг “табаррук” вазифаси – ошпазликни Жасур бўйнига олди. Қўлинг ўргилсин, бирам тўйимли овқат қиларкан. Ҳидидан маст бўлдик.

Ориф билан Жавоҳир ўт ёқаркан, мен Гулҳида Жўраевага тақлид қиламан:
 “Ўчоқдаги ўтинларни тўғирлаймиз,
Ён ўчоқдан целлофанлар ўғирлаймиз.
Тез ёнади агар бўлса бакалажка,
Хижолат бўламиз ўтиндан ҳол сўрашга.
Ёниб бошлар, бизлар бўламиз бахтиёр,
Шу он келар ғудирданиб                  Ихтиёр.
“Сизнинг эрингиз битта!” деб гап бошлайди,
Жавоҳир ўчоққа тинмайин ўтин ташлайди...”
* * * 
Овқат пишгунча, Ихтиёрнинг “Сизнинг эрингиз битта” деган гапини талаффуз қилишни ўрганамиз. “Эрингиз” сўзидаги “Э” ҳарфини “Ў” товуши сингари талаффуз қиласиз-да, “р” товушини ҳам тилингизни бураб, урғу бериб айтинг. Худдики, инглизча “зирак” дегандек ёки шунга ўхшашроқ. Шунда Ихтиёрнинг маҳоратини тушуниб оласиз. Бу иқтибос, яъни “Сизнинг эрингиз битта” сўзини у қайсидир ўзбек киносидан кўрган ва ноодатий жумлаларни хушлайдиган Ихтиёр буни ҳам эътибордан четда қолдирмаган.
* * *  
Овқат пишди. Қорнимиз оч деб ўйламанг. Овқат пишгунча ўзи дастурхонни икки марта “тозалаб” олганмиз.
Сокинлашиб қолган зиёратгоҳда ҳамма таом истеъмоли билан банд. Биз ҳам.ликопимни алоҳида қилдим-у, ошқозоним қабул қила оладиганича гўштдан сузиб олдим – чироқ ўчди. Ҳамма ёқдан овозлар эшитила бошлади. Менинг қўлим эса ликопчамдан гўшт ўғирлаётган қўлга тегди-ю, улгурдингизми дедим?!
Чироқ ёнди. Қорин тўйди – ғам кетди. Бироқ ликоплар ярим бўлиб қолганди. Ҳеч биримизнинг ликопимиз тўлалигича юкидан озод бўлмаганди. Наҳотки, биринчи марта...
* *  *
Қуддус ака ортга - “Олмазор”га қайтгач, доимги машғулот билан банд бўлдик. Биз йиғилсак, тамом. Қарта тарқатила бошланди (Узр, нотўғри тушунманг. Биз “Мафия” ўйнаймиз, қарталар шу сабаб керак):
“Туз – мафия, Қирол – шериф, Дама – доктор, Валет – вампир, сонлар эса оддий иштирокчилар, дея ўйин қоидаларини яна бир бор тушунтираман. Ўзимча бошловчиман-да!
Асабийлашувлар, бақир-чақир, сан қилдинг, манга ишон, мен эмас, йўқ, аввал буни чиқарамиз, кейин майли мени, нима дейишим мумкин, доктор кўзини очади, доктор, дама тушган кўзини очсин, э қайтадан, манда экан-у, ҳамма кўзини юмсин, менга фақат 10 кирпич тушади, уф, бу сафар менга тушганди мафия, ура, топдик, фақат оддийлар ютарканда...”
Республикамизда соат эрталабки тўрт. Шу пайтгача ўйин қизиб кетиб, ўйнайверибмиз.
* *  *   
“Қовун есанг саҳар е...” деганларидек, ҳаммамиз қовунга атака қилдик. Мен улардан ажраб, ҳеч ким банд қилмаган супага чўзилдим. Ухлашга чоғландим. Маза! Саёҳатноманинг энг қизиқ жойи айнан шу тушимда бўлди-ю, айтмай қўя қоламан. 

* * * 
Жуда узоқ, бор-йўғи 45 дақиқа- бир соатлик уйқудан сўнг ҳаммамиз мажбур уйғона бошладик. Чунки, Хўжаипок отада тонгги тўрт ярим-бешдан бошлаб одамлар гавжумлаша бошлар экан. Одамларнинг пичир-пичири уйқу бермади, лекин ҳайронмиз. Биз кечаси билан шовқин қилдик, лекин одамлар ҳеч нолишмади-ку?! Ё бу ҳам меҳмондўстликнинг тамойилимикан?! Қойил.
* * *         
Жасур кечадан асраб қолган овқатни эрталаб қизитиб берди. Шуни ҳам охирлата олмадик. Агар қолиб кетса, тушликка ҳам қиздириб бераман, деб ҳазил қилсалар-да, лекин барибир ея олмадик.
* * *  
Дастурхон апил-тапил йиғилди-ю, “Мафия” бошланиб кетди. Энди атрофдига супада ўтирганлар ҳайрат билан қарарди. Биз эса кечаги аҳволда:
“Асабийлашувлар, бақир-чақир, сан қилдинг, манга ишон, мен эмас, йўқ, аввал буни чиқарамиз, кейин майли мени, нима дейишим мумкин, ютдик, мен эдим вампир, ваҳаҳа, ҳамма кўзини юмсин, менга фақат 7 қарға тушади, уф, бу сафар менга тушганди мафия, ура, топдик, фақат оддийлар ютарканда...”
* * *  
Кимдир нарсаларга қараб қоладиган, қолганлар сойда чўмилишга кетадиган бўлди. Мен қолдим – тушлик учун масаллиқларни ҳозирлашга киришдим.
—Нима овқат қиласиз? Деб сўрашди қўшни супадагилар.
—Ман овқат қилмайман. Фақат бўш ўтирмай дегандим.
—сени телевизорда кўрганман, адашмасам, дейди шу супадаги 60ёшли амаки.
—Балки, телевидениеда ҳам ишлаганман, шунда кўргандирсиз?
—Телеминорага борганмисан?!
—Ҳа, жуда кўп. Журналист бўлишни орзу қиладиган кезларим мен учун телеминора худди одамлар Эйфелни орзу қилгандайин улкан орзу эди.
—Ўшани биз қурганмиз. Исмим Аҳмад. Шўрчиданман, оилавий зиёратга келгандик...
—Биз курсдошлар билан...
Аҳмад ака билан суҳбатлашиб, ишни ҳам якунлаганимни, вақтнинг ўтиб кетганини ҳам сезмабман. Болалар қайта бошлашди.
* * *  
Энди менинг навбатим, мен айланиб келаман, овқат пишгунча...
Осма кўприкдан ўтарканман, унинг тебраниши, тошлар билан куйлаётган сув хониши, одамларнинг эшитилиб турган элас-элас товуши ёқимли туюла бошлайди. Балки, шу ҳолат кунига юзлаб одамларни зиёрат этишга чорлар. Одамлар оқимида зиёратгоҳ томон яқинлашаман. Кўнглим сокин, руҳим тетик зиналардан кўтариларканман, шу ерда бутун умр қолиш имкони бўлсайди, деган ўй мени банд этади.
Ёқимли қироатдан сўнг ғор сари йўналаман. Зиналар мармардан бўлгани боис, эҳтиёт бўлиш керак экан. Оҳиста тоғ остидан келаётган муздек сувга тушаман. Олтингугурт таъми ва ҳиди келиб турган сувда юз-қўлларимни юваман, таним яйрайди. Сўнгра одамлар оқимига қўшиламан.
* * *
Сой томон ўтмай, ортга қайтаман. Йўлда шоир дўстим – Алишер Собир ўғлини кўриб, хурсанд бўлиб кетдим. Суҳбат қизигандан қизиди. Термизда кўришиш умиди билан хайрлашиб, супамизга қайтдим.
* * *  

Келсам, “Қайнонам севадида” овқат устига келибман. Димлама қилмоқчи бўлганлар қовурмани ихтиёр этибдилар. Жасурнинг иқтидори-ю, масаллиқни тайёрлаган ўзимга таҳсинлар айтиб қўяман. 
* * *  
Қайтиш фурсати. Нарсаларни йиғдик – машиналар томон келдик. Машиналар иккита, биз эса 11 нафар. Тўлароқлар беш киши бўлиб бир машинага, озғинроқлар эса олти киши бўлиб иккинчисига мингашдик. Орқа ўриндиқдан озод бўлиб, олд ўриндиқда Ориф билан бирга қайтдик. 
“Отпусти меня, я буду сломанная птица...” бу қўшиқ янграй бошлаганда тушундимки, антена пайдо бўлибди. Смслар кела бошлади. Бир пайдо бўлиб, бир йўқолаётган антеннадан ичим сиқилар иложи борича жавоб қайтаришга уринардим. Бу ҳолат бир менда эмасди, ҳаммамиз шу ахволда эдик. Соғинчли саёҳатда уйдагиларни ҳам қўмсай бошлагандик... 
Йўл-йўлакай аудиоплеердан қўшиқ излаб, топа олмай жуда тез етиб келдик.
* * * 
Баҳриддинларнинг уйида бироз нафас ростлагач, уйга кетишга чоғлана бошладик. Машиналар келди. Икки кунда жуда яқин бўлиб қолганимиз Баҳриддиннинг оила аъзолари билан хайрлашиб, раҳмат айтиб уйга томон равона бўлдик.
* * * 
Шўрчи ЙПХ бизни йўл четида бир соатча кутишга мажбур қилмаганда, уйга жуда тез етиб келардик. Шу вақтни ҳам бекор ўтказмадик. Ихтиёр билан автомобиллар турган ЙПХ майдонида сайр қилдик. Йўл қоидасини бузиб, ЙПХ ходими Ўрал аканинг каби кўнглини топа олмаган ҳайдовчилар машинасидан ажраб йўлда йўловчи сифатида давом этган бўлса керак. Қолган автоуловларнинг эгаси эса соғломмикан?! Машиналардаги одамлар тирик қолганга ўхшамайди. Автоҳалокатлардаги темир-терсаклар... “Келишишнинг иложи бўлмаётган” Ўрал ака ҳайдовчининг таниш-билишлари биланкўзи тўқнашган бўлса керак, ҳайдовчининг бир қошиқ қонидан ўтди. Яна йўл... ихтиёр шерик бўлган йўлда зерикиб бўлмайди. Кулиш билан Жарқўрғонга қадар етиб келдик. Ихтиёр билан хайрлашиб, Термизга йўл олдик.
* * * 
Термизга келганимизда кеч тушиб қолганди. Яна ўша саёҳат бошида учрашган тўрт киши саёҳатни ҳам тугатдик. Лекин, соғинчим ҳали тарқаб улгурмаган экан, уйга кетаяпман-у, уларни яна соғинаяпман...

Комментариев нет:

Отправить комментарий